Гейтс: Толибон билан ҳамкорлик қилмоқдаман
Билл ва Мелинда Гейтс номидаги хайрия билан шуғулланувчи жамғарма Афғонистонда полиомиелитга қарши курашда Толибон муваққат ҳукумати билан ҳамкорлик қилмоқда. Бу ҳақда америкалик тадбиркор Буюк Британиянинг “The Daily Telegraph” газетасига берган интервьюсида маълум қилди.
Миллиардернинг айтишича, жамғарма ҳамкорлари Қатарда Толибон билан учрашган, аммо воқеа ҳақида батафсил маълумот беришни хоҳламаган. Бу ҳаракатга зид келадиган АҚШ санкциясини ҳисобга олган ҳолда, мазкур алоқаларни “жуда қийин жараён”, дея таърифлаган.
Тадбиркорнинг ўзи Толибон вакиллари билан учрашув ўтказишга тайёрми, деган савол ҳам жавобсиз қолди.
“Тўғрисини айтсам, бу мавзу махфий ёки очиқлигини ҳам билмайман. Полиомиелитни бартараф этиш кампаниясига кўп ёрдам берган бўлардим. Бу фондимнинг устувор йўналиши”, деди у.
“Microsoft” асосчиси дунё бўйлаб полиомиелитга қарши кураш учун қўшимча 1.2 миллиард доллар ажратишини эълон қилди. Умуман, 2007 йилдан бери Гейтс хайрия жамғармаси ушбу мақсад йўлида 5 миллиард доллар сарфлади.