Германиялик вакиллар Бухорода
Германиянинг “Seit fot tomorrov Gmb-H” ташкилоти вакилларидан иборат делегация Бухоро вилоятига етиб келди.
Хорижий делегация аъзолари орасида шу ташкилот бошқарувчиси Нилс Гердеманн, ташкилот маъмурий ишлар бўйича менежери Паулсен Жонас, рекрутинг Николас Гердеманн, лойиҳанинг мамлакатимиздаги координатори Миртолиб Мирзоҳидов бор. Айтиш жоизки, “Seit fot tomorrov Gmb-H” Германиянинг барча ҳудудларидаги иш берувчилар билан ҳамкорлик қилувчи асосий рекруитинг компанияларидан биридир.

Нилс Гердеманн Германиянинг “Duvenbek” ширкатида 30 йил бошқарувчи вазифасида фаолият юритган ва Миграция агентлик билан 2022 йил бошидан йўлга қўйган ҳамкорлиги доирасида Ўзбекистон меҳнат ресурсларининг салоҳиятидан келиб чиқиб Германияда нафақат юк машинаси ҳайдовчиларини, балки бошқа турдаги соҳа мутахассислари бандлигини таъминлаш учун ўзининг алоҳида рекруитинг ташкилотига асос солган.
Германия Федератив Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ниятида бўлган юк машинаси ҳайдовчилари хамда “Ausbildung” тизими учун бугунги кунгача 41 нафар фуқаро Миграция агентлик томонидан “Duvenbeck” ташкилотига юборилган.

Германия делегацияси аъзолари билан учрашув даставвал Бухоро давлат университетида немис филологияси факультети ўқитувчилари ҳамда битирувчи талабалар билан ўтказилди. Бухоро давлат муҳандислик технология институтида ҳам битирувчиларнинг амалиёт жараёни ҳамда меҳмонларга олийгоҳ техника парки базаси таништирилди.
Чет эл ташкилоти делегацияси билан мулоқотда вилоят ҳокимининг ўринбосари Бахтиёр Адилов иштирок этди. Германия делегациясига икки томонлама шартномага мувофиқ вилоятда бошланган ишлар, истиқболли лойиҳа амалиётига доир ахборот берилди.

Бухоро шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида бевосита ишсиз фуқаролар билан тўғридан-тўғри суҳбат олиб борилди. Хорижий битимга мувофиқ меҳнат қилишни истовчи номзодлар рўйхатини шакллантиришга киришилди. Ўз навбатида хорижий рекруитинг компанияси раҳбари Ниэлс Гердеманн бу учрашувларда вилоят вакилларидан таркиб топаётган ишчи гуруҳларига таклиф этилаётган иш тури, жумладан, ишлаб чиқариш тармоқларидан тортиб, бошқа хизмат кўрсатиш соҳаларига ишга қабул қилишда ҳамкорлик истиқболларига тўхталди.
Таъкидланганидек, унинг янги ташкилоти Германиядаги 40 тага яқин иш берувчи компания билан ҳамкорликда фаолият юритиши, уларнинг келгусида Ўзбекистондан Германияга жалб қилинадиган қарийб 160 нафар номзодлари административ жараёнларини олиб бориш, немис диёри иш берувчи ташкилотлари учун номзодларнинг танлов жараёни, виза ҳужжатлари, Ўзбекистонда немис тили ва касбий қайта тайёрлаш лойиҳалари ҳамда Германияда интеграцион жараённи тўлиқ бошқариш хусусида гап борди.
Бухородаги самимий қабул ва меҳмондўстлик учун миннатдорлигини билдирган немис компанияси раҳбари Нилс Гердеманн Ўзбекистонга беғараз ёрдам сифатида тақдим этган 2 дона “Yevro-6” русумидаги оғир юк автомашиналарини келгусида ўзбекистонлик “C-E” тоифа ҳайдовчилик гувоҳномасига ҳамда немис тилидан “А2 Б1” даража сертификатига эга номзодлар бошқариши, уларни Германияга кузатиш олдидан Ўзбекистон ҳудудида “Ватанпарвар” ташкилоти базасида касбий қайта тайёрлаш ва уларнинг мутахассислик малакасини ошириш чора-тадбирларига тўхталди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири