Германияга ишга борувчилар немис тилида эркин сўзлашяпти (+видео)
Республика бўйлаб жами 15 та Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумлари ҳузурида Аахен университети клиникаси илмий маркази дастурлари асосида “Германия тиббиёт академияси” ташкил этилди. Ушбу муассасаларда таълим жараёни тўлиқ хорижда қўлланиладиган амалий ва назарий стандартлар асосида олиб борилиб, ўқиш муддати 3 йилни ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 17-октябрдаги “Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш жараёнларини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан 14 та тиббиёт техникумлари Миграция агентлигига кадрлар тайёрлаш учун бириктирилади. Бу борада “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, Германиянинг Аахен университети билан 2025-2026 ўқув йилида минг нафар фуқарони немис тили ва ҳамшираликка ўқитиш белгиланган. Мана орадан бир муддат ўтиб, техникумнинг йигит-қизлари хорижий тилда эркин сўзлаша бошладилар.
- Мен бир йилдан буён таҳсил олиб келаман, - дейди академия ўқувчиси Моҳинур Раҳмоналиева. – Мақсадим Германияда ишлаш ва тиббиёт сирларини ўрганиш, Ўзбекистонга келиб ҳамкасбларимга билганларимни ўргатиш. Бу ерда жуда кенг шароитлар яратилган. Ҳамма ўқув қуролари бепул, стипендиялар берилади.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Швейцариянинг “Globogate Concept AG” компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўйди. Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумлари ҳузуридаги “Германия тиббиёт академияси” да таҳсил олган ёшлар Б2 даражадаги немис тили сертификати билан битиради ҳамда уларга икки давлат тан оладиган диплом берилади. Бу эса уларга Германияда тўлиқ тан олинган тиббиёт мутахассиси сифатида иш бошлаш имкониятини беради. Номзодлар Германияга борганларидан кейин оила аъзоларини ҳам олиб кетиш имкониятига эга.
- Бу лойиҳа 4 йил аввал Миграция агентлиги билан ҳамкорликда фаолиятини бошлаган, - дейди лойиҳа бош мутахассиси Луиза Назарова. – Бугунги кунга келиб эса, 600 нафардан ортиқ йигит-қизларимиз аллақачон ўзларининг иш фаолиятини Германияда бошлаганлар. Баъзилари “оилани бирлаштириш” дастури асосида фарзандларини, яқинларини кўчириб боришиб, бирга яшашмоқда. 500 нафардан ортиқ талабгорлар Андижон, Наманган, Тошкент шаҳрида немис тилини ўрганиб, ҳужжат жараёнлари амалга оширилмоқда. 10-августдан эса Самарқанд шаҳрида илк синфимиз очилади.
Келгусида яна 20 та техникумнинг “Даволаш иши” йўналиши бўйича янги ўқув дастурини ишлаб чиқиш ва қабул жараёнларига ўзгартиришлар киритиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, 2026-2027 ўқув йили учун қабул квотасини 1500 нафаргача ошириш, немис тили ҳамда Германиянинг 5 та тафовут фанлари бўйича ўқув адабиётларини чоп эттириш юзасидан амалий ишлар бошлаб юборилган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/e1PMo-jYSH8" title="Germaniyaga ishga boruvchilar nemis tilida erkin soʻzlashayapti!" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Нишонбой Абдувойитов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА