Германия: Меҳнат вазири истеъфоси ҳукуматни саросимага солмоқда
Германиянинг DW ахборот агентлиги берган хабарга кўра, Бербель Бас меҳнат ва ижтимоий масалалар вазири ҳамда Социал-демократлар партияси ҳамраиси лавозимидан кутилмаганда истеъфога чиққач, Канцлер Мерцнинг коалицион ҳукуматида турли айбловлар янграй бошлади.
– Ўгай қизим вафот этгандан сўнг қайғуни енгиш учун менга вақт кераклигини тушундим, – деб ёзган у партия аъзоларига йўллаган шахсий мурожаатида.
Мулозим истеъфо сабаби сифатида "афсуски, коалициядаги ҳамкоримиз томонидан менга қарши оммавий кампания уюштирилди” мазмунидаги бошқа бир омилни ҳам келтириб ўтган. Аслида Басга нисбатан босим сўнгги кунларда анча кучайди. Марказчи коалицион ҳукумат Меҳнат вазирлигидан шошилинч равишда асосий қонунчилик таклифларини кутмоқда.
Июль ойидаги ёзги таътил олдидан комиссия давлат пенсия тизимини ислоҳ қилиш бўйича кенг қамровли таклифлар тақдим этди. СДП ва ўнг марказчи Христиан-демократлар иттифоқи ва Христиан-ижтимоий иттифоқ (ХДИ/ХИИ) коалицияси бу таклифлар қонунчилик доирасида тезда амалга оширилишини хоҳладилар. Бинобарин, бугунги кунда якуний лойиҳа тақдим этилмаган.
– Вазир энди ўз вазифасини бажара олмаяпти, бир неча ой давомида у мамлакатимиз жуда муҳтож бўлган ислоҳотлар йўлини тўсиб қўйди, – дея норозилик билдирган эди сентябрь ойида ўрта бизнес манфаатини ифодаловчи ХДИ/ХИИ парламент фракцияси раҳбари Кристиан фон Штеттен.
Октябрь ойи бошида ХДИ вакили, иқтисодиёт вазири Катерина Райхе шундай танқид билан чиқди ва йил охиригача пенсия ислоҳоти қабул қилиниши талабини илгари сурди.
– Бас қонун лойиҳасини қисқа вақт ичида тақдим этиши керак эди, – деди Райхе, гарчи ўша пайт унинг Вазирлар Маҳкамасидаги ҳамкасби анча қийин аҳволдалиги маълум бўлса ҳам.
СДП ҳамраиси, молия вазири ва вице-канцлер Ларс Клингбайль душанба куни кескин муносабат билдириб, Басга қарши сиёсий ҳужум "шармандалик" эканини айтди. Партия раҳбарияти билан учрашувдан сўнг у Берлинда журналистларга шундай деди:
– Бу сиёсий нутқни заҳарлайди, сиёсий маданиятимизни сақлаб қолиш манфаатига хизмат қилади.
Бундай айблов коалиция аллақачон чуқур инқирозга тушиб қолган бир пайт муҳим аҳамиятга эга.
Энди СДП етакчиси лавозимида янги вакансия пайдо бўлади. Ҳозирча Клингбайль партияни ёлғиз бошқариб туради. Декабрь ёки январга режалаштирилган партия съездида социал-демократларнинг янги раҳбарияти сайланади. Клингбайл яна номзодини қўйиши номаълум. Охирги марта партия раҳбари лавозимига қайта сайланганда у жуда кам овоз олган.
Бербель Басс ўрнига федерал меҳнат вазири сифатида майдонга чиққан Александр Швайцер Рейнланд-Пфальс минтақаси собиқ бош вазири, илгари ҳудудда меҳнат ва ижтимоий ишлар вазири лавозимида ишлаган. Канцлер Фридрих Мерц Швайцернинг тажрибаси федерал ҳукумат ичида яхши ҳамкорликни таъминлашига ишонч билдирди. Етакчининг фикрича, кўриб чиқилаётган қонунчилик таклифлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тезда маъқулланади ва парламент жараёнига киритилиши мумкин.
Канцлер Басга қўйилган айбловларни инкор этиб, у билан ҳеч қачон шахсий масалалар муҳокама қилинмагани, унга қайғуриш учун ўзига вақт бериш бўйича қатъий маслаҳат берганини айтди.
А.Маматов, ЎзА