Германия: Бош разведкачи жосус бўлиб чиқдими?
"Bild" газетаси хабар беришича, Германия Федерал разведка хизмати – BND собиқ директори Аугуст Ханнинг жосусликда гумон қилиниб ҳибсга олинди. У давлат сирини тўплаш, давлатга хиёнат қилиш ва хорижий куч учун жосуслик қилишда айбланмоқда.
Манбага кўра, Ханнинг BNDнинг яқинда нафақага чиққан юқори лавозимли ходимидан махфий маълумотни қайта сотиш учун харид қилган.
– Айни пайт Федерал Бош прокурор гумондор ва унинг шеригини тергов қилмоқда, – дейилган хабарда.
Ханнинг халқаро миқёсда хавфсизлик ва бизнес соҳаларида маслаҳатчи сифатида ишлаган. Шунингдек, Россия ва Хитой давлат идоралари билан алоқага эга экан. Яқинда Болтиқ бўйи давлатларидаги ўзи кузатув кенгашида ишлаган бир банк таназзулга учрагани туфайли молиявий қийинчиликка дуч келган. У 1998-2005 йиллар Федерал разведка хизмати раҳбари эди.
ГФРдаги яна бир нашр – “Der Spiegel” собиқ разведка мулозими Хитой разведкаси билан алоқадорликда гумонланиб, тергов қилинаётганини ёзди.
Терговчилар маҳбус илгари Хитойнинг Германиядаги ҳарбий атташеси бўлиб ишлаган генерал-майор Ван Жиан Женга махфий маълумот бериши билан боғлиқ фаразни текширмоқда. Бу икки шахс кўп йил давомида алоқада бўлиб турган, жумладан Чин юртида учрашув ва қўшма лойиҳаларда иштирок этгани аниқланган.
Прокурорлар сўзига кўра, ҳибсга олинган Ханнингга собиқ бош штаб бошлиғи аксари махфий ҳисобланган тахминан 2000 ички BND ҳужжатини топширган. Агентлик собиқ раҳбари ушбу материаллардан шахсий консалтинг ишида фойдаланган, дея тахмин қилинмоқда.
С.Раҳимов, ЎзА