Германия билан ҳамкорлик алоқалари кучаймоқда
Навоий шаҳрида Ўзбекистон ва Германия ўртасида меҳнат миграцияси, профессионал таълим ва малака ошириш соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида “Миграция, профессионал таълим ва малака ошириш” мавзусида халқаро форум бўлиб ўтди.
Бугунги глобаллашув шароитида меҳнат бозори талаблари тобора ўзгариб, мамлакатлар олдига инсон капиталини ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш ва аҳолининг рақобатбардошлигини ошириш вазифасини қўймоқда. Бу борада профессионал таълим, касбий кўникмалар ва халқаро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади.

Форумда Германия иқтисодиётининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси – German Industry and Commerce Uzbekistan (GIC Uzbekistan) бошчилигида Германиянинг етакчи компания ва ташкилотлари иштирок этди. Мазкур компания ва муассасалар Германияда профессионал таълим, касбга тайёрлаш, малака ошириш ва меҳнат бозори учун кадрлар тайёрлаш соҳасида катта тажрибага эга.

Форум доирасида Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов Германия делегацияси вакиллари билан учрашди.
Учрашувда меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, аҳолини замонавий ва талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, малака ошириш тизимини такомиллаштириш ҳамда Германия меҳнат бозори учун рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Музокаралар давомида икки томон ўртасида таълим соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш, қўшма дастурларни амалга ошириш, таълим муассасалари ва иш берувчилар ҳамкорлигини кучайтириш ҳамда халқаро стандартларга мос кадрлар тайёрлаш бўйича фикр алмашилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Германия ўртасида меҳнат миграцияси соҳасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилмоқда. Бу эса ёшлар учун қонуний ва хавфсиз меҳнат миграцияси имкониятларини кенгайтириш билан бирга, мамлакат иқтисодиёти учун зарур бўлган малакали кадрлар тайёрлашга ҳам хизмат қилмоқда.

Учрашувда томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма таълим лойиҳаларини йўлга қўйиш ва янги ташаббусларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришди.
Форум доирасида Германиянинг 12 та компанияси вакиллари ҳамда Навоий вилоятидаги 27 та техникум, шунингдек, Навоий давлат университети, ўқув марказлари вакиллари иштирокида B2B форматидаги учрашувлар ташкил этилди.

Томонлар талаб юқори бўлган касблар бўйича кадрлар тайёрлаш, таълим дастурларини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, амалий машғулотлар улушини ошириш, ўқитувчиларнинг малакасини юксалтириш ва талабалар амалиётини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашувлар давомида бир қатор таълим муассасалари ва Германия компаниялари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш бўйича дастлабки келишувларга эришилиб, икки томонлама меморандум имзоланди.
Форумда Германия компаниялари вакилларининг Миграция агентлигининг Навоий ҳудудий филиалида бепул немис тили курсларида таҳсил олаётган ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Унда немис тилини ўрганаётган фуқаролар, халқаро тил сертификатларига эга ёшлар ҳамда Германияда таълим олиш ёки меҳнат фаолиятини бошлаш истагида бўлган иштирокчилар қатнашди.
Учрашув давомида Германия компаниялари вакиллари ўз ташкилотлари фаолияти, меҳнат бозоридаги эҳтиёжлар, ишга қабул қилиш тартиблари ва касбий тайёргарлик дастурлари ҳақида маълумот берди.
Форум якунида Германия делегацияси аъзолари “Навпромлитмаш” корхонасига ташриф буюрди.
Корхонада меҳмонларга жорий этилган дуал таълим тизими ва унинг амалий натижалари, ўқув-амалиёт жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Энг муҳими, мазкур форум таълим муассасалари, иш берувчилар ва ёшлар учун фойдали бўлди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири