“GEOMIN-2026” олдидан геология соҳасининг янги имкониятлари муҳокама қилинди
Эртага, 14 сентябрь куни Тошкент шаҳрида “GEOMIN-2026” халқаро конференцияси ўз ишини бошлайди. Бугун мазкур нуфузли тадбир доирасида “Замонавий геология: сиёсат, технологиялар, минтақавий тадқиқотлар ва инсон капитали” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.
Мулоқотда Ўзбекистон билан бир қаторда Франция, Финляндия, Буюк Британия, Нидерландия, Қозоғистон, Миср, Туркия, АҚШ ва бошқа давлатларнинг геология хизматлари, илмий муассасалари ҳамда соҳавий ташкилотлари раҳбарлари ва мутахассислари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Феруза Ҳамидова сўзга чиқиб, соҳада замонавий технологияларни жорий этиш, илмий-тадқиқот салоҳиятини ошириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш геологияни ривожлантиришнинг муҳим омилларидан эканини таъкидлади.

Давра суҳбатида геология соҳасининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, илмий-тадқиқот ишларида замонавий ёндашувлардан фойдаланиш, рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳамда турли мамлакатлар геология хизматлари ўртасида тажриба алмашиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, геологик, геофизик ва геокимёвий маълумотларни қайта ишлашда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш, тадқиқот усулларини бирлаштириш, уч ўлчамли моделлар ва рақамли эгизакларни яратишнинг аҳамиятига эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистонда тўпланган геологик материалларни рақамлаштириш, уларни тизимлаштириш ва ягона Миллий геологик маълумотлар базасига бирлаштириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда маълумотларни ягона стандартлар асосида шакллантириш, уларнинг ўзаро мувофиқлигини таъминлаш ва замонавий рақамли ечимларни геологик қидирув ишларига татбиқ этиш муҳим вазифалар саналади.

Шу билан бирга, стратегик аҳамиятга эга минерал ресурслар, уларни таснифлаш ва ҳисобот стандартларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Иштирокчилар геологик маълумотлар алмашинуви, миллий геология хизматлари имкониятларини кенгайтириш ва инвестициявий лойиҳаларни ривожлантириш юзасидан фикр алмашди.
Тадбирда геология соҳаси учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, халқаро таълим ва илмий-тадқиқот дастурларини ривожлантириш, ёш мутахассисларнинг хорижий тажрибадан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, таълим жараёнига геоинформатика, маълумотлар таҳлили ва уч ўлчамли моделлаштириш каби замонавий йўналишларни жорий этиш зарурлиги таъкидланди.
Халқаро давра суҳбати якунида геология хизматлари, илмий муассасалар ва халқаро ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари белгилаб олинди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА