Геологлар билан икки кун
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги таркибидаги “Ўзбек геология қидирув” акциядорлик жамияти томонидан Самарқанд марказий геология қидирув экспедициясига пресс-тур ташкил этилди.
Республика ва ҳудудий оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерларни жамият ҳамда мазкур экспедициянинг мамлакатимиз минерал-хомашё базасини ривожлантиришга қаратилган давлат дастурлари ижроси ҳамда геологлар фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида ўтказилган тадбирнинг биринчи куни Самарқанд марказий геология-қидирув экспедициясида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
“Ўзбек геология-қидирув” акциядорлик жамияти бош муҳандиси ўринбосари Б.Эшмирзаев ва тизим масъуллари йил бошидан буён эришилган стратегик натижалар, айни пайтда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида маълумот берди.
Бугунги кунда республикамиз ҳудудида геологик қидирув ишларини олиб бориш учун жамият таркибида Қизилқум, Ҳисор, Самарқанд ва Тошкент, Регионал марказий геология-қидирув экспедициялари фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, марказий геология-геофизика экспедицияси, марказий ва аналитик лаборатория мажмуалари ҳамда “геобурхизмат” участкаси мавжуд бўлиб, бу ташкилотлар геология-қидирув соҳасидаги ишлар самарадорлиги ва натижадорлигини оширишга хизмат қилиб келмоқда.
– Ҳозирги кунда тизимда 4500 га яқин ходим – геологлар, муҳандислар, қурувчилар, иқтисодчилар ва бошқа соҳа мутахассислари фаолият олиб бормоқда, – деди Б.Эшмирзаев. – Албатта, геология-қидирув ишларида ходимларимизнинг билим ва тажрибаси муҳим. Шу билан бирга 102 та замонавий, юқори технологик ҳамда 23 та бошқа турдаги бурғилаш ускунаси, 287 та ёрдамчи техникаларимиз ҳам иш унумдорлиги ва белгиланган режаларни ўз вақтида бажаришга хизмат қилмоқда. Жумладан, йил бошидан буён геология қидирув ишларини олиб бориш, фойдали қазилма конларини излаш, баҳолаш ва топографик, геологик тасвирлаш, бурғилаш ҳамда лаборатория таҳлил жараёнларини амалга ошириш юзасидан давлат бюджети, Навоий кон-металлургия ва Олмалиқ кон-металлургия корхоналари маблағлари ҳисобидан 130 та лойиҳа бўйича ишлар ташкил этилди. Олтин, кумуш, мис, қўрғошин ва рух, вольфрам, ноёб металлар ва камёб ер элементлари, кўмир ва бошқа норуда фойдали қазилмаларни геологик қидирув ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, январь-август ойларида Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Самарқанд, Жиззах, Тошкент, Бухоро ва Наманган вилоятларида фойдали қазилмаларни аниқлаш бўйича амалга оширилган ишлар натижасида олтин захира кўрсаткичлари 10 тоннага, кумуш 4 тоннага оширилди.
[gallery-31632]
Минерал-хом ашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш давлат дастури ҳамда саноат драйверлари бўлган Навоий кон-металлургия комбинати ва Олмалиқ кон-металлургия комбинати буюртмаси асосида олтин, мис, вольфрам ва бошқа фойдали қазилмаларни аниқлаш учун 477 минг 983 пагонометр геология қидирув қудуқларини бурғилаш ишлари бажарилди. “Навоийуран” давлат корхонаси учун 188 минг 659 пагонометр геотехнологик қудуқлар бурғиланиб, фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари 3014 пагонометр ер ости тоғ-кон лаҳим ўтиш, 234 минг 724 куб метр ер усти лаҳим қазиш ишлари амалга оширилди.

Матбуот анжуманида қайд этилишича, айни пайтда жамият таркибида бешта лаборатория фаолият юритмоқда ва улар томонидан давлат дастурида кўзда тутилган лойиҳалар доирасида таҳлиллар бажарилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг саккиз ойида лабораториялар томонидан 586 мингдан ортиқ таҳлиллар амалга оширилди. Бундан ташқари, лабораториялар ташқи буюртмачилар, тадбиркорлик субъектларига ҳам шартнома асосида хизмат кўрсатиб келмоқда.
Пресс-тур иштирокчилари Самарқанд марказий геология қидирув экспедициясига қарашли шундай лаборатория ва тош майдалаш цехи фаолияти билан танишди.

– Давлатимиз раҳбари томонидан қаратилаётган эътибор туфайли кейинги йилларда геология-қидирув соҳасининг моддий техник базаси тубдан янгиланди, янги махсус техникалар ва чет эл илғор технологияларига асосланган бурғилаш ускуналари олиб келинди, – дейди Самарқанд марказий геология-қидирув экспедицияси бошлиғи Собиржон Неъматуллаев. – Натижада иш унумдорлиги бир неча баробарга ошди. Хусусан, бир ойда замонавий бурғилаш ускунаси орқали 2000 пагонометр бурғилаш ишларини бажаришга эришилмоқда. Эски техника ва технологиялар эса бу иш ҳажмининг ярмини ҳам бажариш имконини бермасди. Эндиликда, яратилган имкониятлар ва берилаётган эътибор фойдали қазилмалар захира ва ресурсларининг минерал хом ашё базасини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Жумладан, бизнинг экспедициямиз томонидан 32 та стратегик лойиҳа устида иш олиб борилмоқда. Бу лойиҳаларнинг 4 таси давлат бюджети ҳисобидан, қолган 28 таси эса яқин ҳамкоримиз – “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти билан шартнома асосида амалга оширилмоқда. Комбинатнинг Жанубий кон бошқармасига қарашли конларнинг ён қанотларида ва чуқур сатҳларда геологик ишлар олиб боряпмиз.
Бундан ташқари, соҳада илмий салоҳият ҳам ошмоқда, ёнимизга билимли ёш кадрлар келиб қўшилмоқда. Олий таълим муассасалари билан биргаликда ишлаб, ўзимиз ҳам уларни тайёрлашда иштирок этяпмиз. Ўзбекистон Миллий университети, Самарқанд давлат университети геология кафедралари билан илмий-амалий ҳамкорлик ўрнатиб, профессор-ўқитувчиларни ҳам дала экспедицияларига жалб қиляпмиз, талабалар амалиётни бевосита жойига чиққан ҳолда ўтамоқда. Ҳозирда геология соҳасига ҳам кўп инвесторлар келяпти, тоғ-кон ва геология қидирув соҳалари бўйича чет эл компаниялар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Хитой, АҚШ, Тожикистон, Қирғизистон, БАА, Мўғулистон ва бошқа давлатлар геологлари билан тажриба алмашяпмиз. Кейинги икки йилда Афғонистон билан алоқаларимиз анча яхшиланди. Халқаро ҳамкорлик доирасида хорижий давлатларда ҳам геология-қидирув ишларида қатнашяпмиз. Чунки, Ўзбекистон геология мактаби бой анъаналар, тажрибага эга. Шу билан бирга уни янада бойитиб, тизимни рақамлаштириш, сунъий интеллектдан самарали фойдаланишга эътибор қаратилмоқда. Бу эса геологик қидирув ишлари самарадорлигини ошириш, аниқланган конларнинг иқтисодий салоҳияти ва захирасини тўғри баҳолашга ёрдам бермоқда.
Пресс-турнинг иккинчи куни оммавий ахборот воситалари вакиллари Қўшработ туманида, Шимолий Нурота тоғ тизмасининг марказий жанубий ён бағирларида жойлашган Зармитан дала экспедициясида бўлди.

Бугунги кунда 8 та йирик лойиҳа асосида геология қидирув ишларини олиб бораётган экспедициядаги замонавий бурғилаш қурилмалари фаолияти, ер ости тоғ-кон лаҳм ўтиш ишларининг бориши журналистларда катта қизиқиш уйғотди.
– Экспедициямиз томонидан Чармитан, Ўрталиқ, Ғужумсой конлари атрофида қидириш, излаш, баҳолаш ишлари кетма-кетликда олиб борилади, – дейди Зармитан дала экспедицияси Жанубий Чармитан участкаси етакчи геологи Нодир Товбоев. – Бизнинг участкамиз эса 2026-2029 йилларга мўлжалланган лойиҳа асосида Чармитан конида геологик қидирув ишларини амалга оширяпмиз. Бу жой аввал қисман ўрганилган ва етарли натижа олинмагани учун кейинчалик иш тўхтаб қолган. Биз ҳудудда кенг кўламли ишларни олиб бориб, ерости лаҳмларини ўтдик, бурғилаш ишлари бажарилди. Лойиҳавий чуқурлиги 340 метр бўлган 10-бурғилаш қудуғини 342 метр қилиб ўтдик ва натижада кон жанубида янги участка очдик. Геологик қидирув ишларимиз намуналарини лабораторияга юборганимизда таҳлиллар жуда яхши чиқди ва бу конни истиқболли деб айтиш мумкин. Лойиҳа бўйича яна уч йил давомида изланишларимизни давом эттириб, кейин давлат захирасига топширамиз.
Иштирокчилар тоғ жинсларидан олинган геологик намуналарни майдалаш ва махсус сақлаш участкалари иш тартибини ўз кўзлари билан кўришди. Айниқса, лаборатория жараёнларининг тўлиқ рақамлаштирган янги “Намуналарни назорат қилиш” ахборот тизимининг ишлаш механизми журналистларда катта қизиқиш уйғотди.

– Қарийб қирқ йилдан буён ушбу дала экспедициясида ишлайман, – дейди лаборатория участка бошлиғи Малоҳат Ҳамроева. – Аввалги даврлар билан қиёслаганда лаборатория иши бугун анча замонавийлашди. Геология қидирув ишлари жараёнида олинган намуналарни таҳлил қилиш имкониятларимиз кенгайди. Ҳозир хориждан келтирилган ускуналар ёрдамида бир ойда 3,5-4 мингта намунани таҳлил қила оламиз. Муҳими, аниқлик ва тезкорлик ошган.
Пресс-тур давомида узоқ тоғ шароитида туну кун меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар ва бурғилаш усталари учун яратилган меҳнат шароитлари, уларнинг турмуш тарзига ҳам эътибор қаратилди.
Айтиш мумкинки, мазкур медиа-тадбир жамоатчиликка мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятининг муҳим пойдевори бўлган ер ости бойликларини аниқлашда ўзбек геологларининг машаққатли ва шарафли меҳнатини яқиндан кўрсатиш имконини берди.
Ғолиб Ҳасанов, Ўктам Ҳайитов (сурат), ЎзА мухбирлари