Геннадий Онишенко: сайловни Ўзбекистондаги янгиланишлар самараси сифатида қабул қилиш мумкин
Мамлакатимизнинг кўплаб сайлов участкаларида овоз бериш жараёнини кузатиш учун халқаро кузатувчилар ҳам ҳозир бўлишган. Улар фуқароларнинг эркин овоз беришлари учун яратилган шарт-шароитлар билан танишмоқда.
Мамлакатимизнинг кўплаб сайлов участкаларида овоз бериш жараёнини кузатиш учун халқаро кузатувчилар ҳам ҳозир бўлишган. Улар фуқароларнинг эркин овоз беришлари учун яратилган шарт-шароитлар билан танишмоқда.
ЎзА мухбири Тошкент шаҳар Миробод туманидаги 219-сайлов участкасида бўлиб, халқаро кузатувчи, Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Давлат думаси депутати Геннадий Онишенко билан суҳбатлашди, сайлов бўйича унинг фикрлари билан қизиқди.
– Ташрифимиз асносида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясида бўлиб, сайлов тизими билан батафсил танишдик. Албатта, бу галги сайлов қонунчилигига жуда кўплаб ўзгартишлар киритилганига гувоҳ бўлдик. Шахсан мен Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган сайловларда халқаро кузатувчи сифатида учинчи бор иштирок этишим. Шу боис, бу галги сайловда мамлакатингизда кечаётган демократик янгиланишлар руҳи халқингизнинг овоз бериш жараёнида ҳам намоён бўлаётганига гувоҳ бўлиб турибман. Яна шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Ўзбекистонда кейинги икки-уч йилда кенг кўламли ижобий ўзгаришлар кечмоқда. Мазкур сиёсий воқеликни ҳам ушбу янгиланишлар самараси сифатида қабул қилиш мумкин. Ҳар бир фуқаро ўз тақдирига, мамлакат равнақига бевосита дахлдор эканини бугунги сиёсий тадбирда очиқ-ойдин намоён этиш имкониятига эга бўлмоқда.