Генерал уруш фахрийси ҳолидан хабар олди
9 май – Хотира ва қадрлаш куни
Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи генерал-майор Шуҳрат Холмуҳаммедов, Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шавкат Эргашев, туман мудофаа ишлар бўлими бошлиғи подполковник Мирҳамид Файзиев, бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ва жамоатчилик вакиллари уруш фахрийси, истеъфодаги тиббий хизмат полковниги Владимир Чмихун ҳолидан хабар олишди.
Айни вақтда 98 ёшни қарши олаётган отахон Мирзо Улуғбек туманидаги Алпомиш маҳалласида истиқомат қилади. Турмуш ўртоғи Анна Максимовна билан икки фарзандни вояга етказган уруш фахрийсининг ибратга арзигулик умри, ҳаёт тарзи бор. Шунинг учун ҳам маҳаллада доим эътибор ва эъзозда.

– Владимир Чмихунни маҳалламизнинг ёшу қариси ҳурмат қилади, – деди “Алпомиш” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Барно Қулжонова. – Ҳар ойда отахоннинг ҳолидан хабар оламиз. Озиқ-овқат ва бошқа кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган нарсалар етказиб берилади. Бу инсонлар тирик тарих. Яқин йилларгача бу киши маҳалламизда, мактабларда ўтказиладиган тадбирларнинг азиз меҳмони бўлиб келган. Биз бу нуронийни ҳамиша ёшларга ибрат қилиб кўрсатамиз.
Очиқ осмон остида ўтказилган байрам тадбири ўзига хос бўлди. Учрашув давомида Ғалабанинг 76 йиллигига бағишлаб Президентимизнинг уруш фахрийларига йўллаган байрам табриги, пул мукофоти ва бошқа совға-саломлар отахонга топширилди. Шундан сўнг отахон меҳмонларга уруш хотиралари, урушдан кейинги хизмат фаолияти ҳақида сўзлаб берди.
Ҳарбий санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар кечага ўзгача кайфият бағишлади
Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА,
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий
коммуникациялар департаменти ходими
(З.Жонибеков)