Гендер тенгликни таъминлаш устувор вазифа
Бухоро вилоятида 1,96 миллион нафар аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, уларнинг 1 миллион 4 минг нафарини ёки умумий аҳолининг 53,5 фоизини хотин-қизлар ташкил этади.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ахборот хизмати хабарига кўра, вилоятда турли соҳаларда фаолият юритаётган хотин-қизлар 334 минг 800 нафарни ташкил этади. Уларнинг 179 минг 300 нафари давлат ташкилотларида, 34 минг нафарга яқини нодавлат ташкилотларда, 121 минг 600 нафари хусусий секторларда фаолият юритмоқда. Хотин-қизларни жамият ҳаётида фаоллигини ошириш мақсадида 2017-2021 йилларда 4 минг 125 нафар аёл раҳбарлик лавозимларига тайинланган. Бу кўрсатгич 2016 йилга нисбатан 352 нафарга ошишига эришилди.
Ҳозирда республика Олий Мажлиси Қонунчилик Палатасида, халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туманлар Кенгашларида 107 нафар аёл депутат хизмат фаолиятини олиб бормоқда. Вилоятнинг 300 нафардан ортиқ фаол, фидойи хотин-қизлари мамлакатимизнинг турли даражадаги юксак мукофотлари билан тақдирланган. Жумладан, 43 нафар аёл «Мўътабар аёл» кўкрак нишони, 26 нафар хотин-қиз «Зулфия» номидаги Давлат мукофоти билан мукофотланган.
[gallery-4064]
Вилоятда 400 дан ортиқ хотин-қиз давлат бошқаруви органларида шакллантирилган кадрлар захирасига киритилган. 544 та маҳаллада «Аёллар маслаҳат Кенгаши» ташкил этилган. Улар таркибига 6,5 мингдан ортиқ фаол аёллар, меҳнат фахрийлари жалб қилинган.
Республика Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Ғиждувон туманидаги «Армечан» ва Олот туманидаги «Жайхунобод» маҳаллаларидаги «Аёллар маслаҳат Кенгаши»ларига 50 миллион сўмдан рағбат маблағлари топширилган бўлиб, шу йил якунида вилоятда намунали фаолият юритган 10 та «Аёллар маслаҳат кенгаш»ларини рағбатлантириш учун вилоят бюджетидан 500 миллион сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган.
Ҳозирда вилоятда 1 минг 470 та мактабгача таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Унда боғча ёшидаги болаларнинг 70,1 фоизи қамраб олинган. Мазкур муассасаларда жами мингдан ортиқ педагог ва раҳбар хотин-қиз меҳнат қилмоқда. 2023 йилга келиб 630 та янги мактабгача таълим муассасалари қуриб, фойдаланишга топширилади. Натижада улар сафи янада кенгаяди.
Бундан ташқари, хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш ва «Маҳорат дарслари»да кейинги тўрт йилда жами 1 минг 640 нафар хотин-қиз турли касб-корга йўналтирилди. Натижада уларнинг бандлиги таъминланган бўлиб, мингга яқини ўз тадбиркорлик фаолиятини ташкил этди. 8 мингдан ошиқ хотин-қизнинг иқтисодий ва ҳуқуқий билимлари оширилди.
Аёллар фаоллигини янада ошириш мақсадида 2022 йилдан бошлаб яна 7 мингдан ортиқ хотин-қиз бизнес-курсларга, шу орқали касб-ҳунар ўқувларига жалб этилади. Айни кунда эса вилоят миқёсида 1 минг 239 нафар аёл раҳбарлик қилаётган фермер хўжаликларида ўтган йиллар мобайнида 3 минг 561 нафар хотин-қиз ижтимоий қўллаб-қувватланиб, бандлиги таъминланди.
Вилоят қишлоқ хўжалигида банд бўлган фермер хўжалиги раҳбарлари сони 1 минг 319 нафарга етган. Келгуси йили улар сафини яна камида 80 нафар ер мулкдори билан тўлдириш назарда тутилган. Умуман, бугун аёллар раҳбарлик қилаётган фермер хўжаликларида банд бўлган ишчи сони 4 минг нафардан ортган.
Жамиятда аёлларнинг фаоллиги ва мавқеини янада ошириш, гендер сиёсати борасида давлат бошқарувининг турли жабҳаларида фаолият олиб бораётган хотин-қизларнинг касбий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, уларда раҳбарлик кўникмаларини шакллантириш мақсадида мунтазам чора-тадбир ва саъй-ҳаракат олиб борилмоқда. Эндиликда хотин-қизларнинг нафақат мамлакатимизда, балки ундан ташқарида, халқаро миқёсда фаолият юритиши, инсон ҳуқуқлари ёки бошқа соҳаларда давлат вакили ёхуд халқаро ташкилотларнинг тўлақонли аъзоси бўлишлари, дипломатик иш юритишлари учун замин яратилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА