Ғазода харобалар ичра ифторлик қилинди
Ғазо шимолида бу йилги Рамазон ойининг биринчи ифторлиги харобалар орасида ўтказилди. Бу ҳақда "Анадолу" маълум қилди.
Фаластинликлар муқаддас ойга мисли кўрилмаган қийин шароитида етиб келишди.15 ойдан кўп давом этган ҳужум натижасида минглаб уй вайронага айланган, кўпчилик яшаш жойини ташлаб кетишга мажбур бўлган.
Марказий статистика бюроси (PCBS) маълумотига кўра, Ҳудудда 300 000 дан ортиқ бино қисман ёки тўлиқ вайрон этилган. 60 368 турар-жой, 823 масжид, 3 черков, 136 таълим муассасаси, жумладан университет биноси бутунлай хароб бўлган, яна 355 турли иншоот қулаган.
Ғазо шаҳрининг Аш-Шужайя маҳалласида юзлаб аҳоли харобалар орасида ёзилган узун дастурхон атрофида Рамазоннинг илк ифторига тўпланди. Улар мислсиз азоб-уқубатга қарамай, бирдамлик ва ҳамжиҳатлик руҳини намоён этди. Атроф чироқ, гулчамбар ва Фаластин байроқлари билан безатилди.
Уйини йўқотганлар ярим-ёрти бинолар тагида камтарона таом билан қаноатланди.
Худди шундай манзара сектор жанубида ҳам ҳукмрон. Хон Юнус шаҳрида озиқ-овқат танқислиги ва қийинчиликка қарамай, одамлар бирга тановул қилишди. Бир гуруҳ кўнгиллилар рўзадорларга сув ва хурмо тарқатди.
Рафоҳда ҳам Рамазон ойининг биринчи оқшоми тўкилган уйлар орасида уюштирилган оммавий ифторлик билан кутиб олинди.
М.Пирматова, ЎзА