Газдан ўғринча фойдаланиш тизимга 1 миллиард сўмдан ортиқ зарар келтирди
Энергетика вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ ҳолат аниқланган.
Назорат тадбири “Ҳудудгаз Тошкент” ГТФнинг комплаенс назорат тузилмалари, туман газ таъминоти бўлими ходимлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар иштирокида ўтказилган.
Текширув давомида “Қоронкўл” МФЙ ҳудудида фуқаро Х.Б.га тегишли дала ҳовли кўздан кечирилган. У ерда зарур лойиҳа-техник ҳужжатларсиз табиий газдан фойдаланиб келингани аниқланган.
Қоидабузарлик юзасидан далолатнома расмийлаштирилиб, дастлабки ҳисоб-китоблар асосида 1 миллиард 52 миллион сўмлик зарар аниқланган.
Ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган. Айни пайтда ҳудудларда табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлашга қаратилган назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади.
ЎзА