Газ ўғрилари фош этилди
Мамлакатимизда энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш, аҳолини узлуксиз табиий газ билан таъминлаш ҳамда соҳада қонунийликни мустаҳкамлаш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Айниқса, табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш, яширин уланишлар ва талон-торожликка қарши курашиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бирига айланган.
Шу мақсадда “Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиалининг комплаенс назорат тузилмалари ҳамда туман ва шаҳар газ таъминоти бўлимлари ходимлари томонидан жойларда мунтазам назорат тадбирлари ўтказилмоқда. Ана шундай текширувлар давомида бир қатор қонунбузарлик ҳолатлари фош этилди.
Жумладан, Қоракўл туманидаги “Ташаббус” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаро Р.Ш.нинг хонадонда ташкил этган новвойхонаси текширилганда, у тижорат мақсадида яширин тармоқ орқали табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келгани маълум бўлди. Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур ҳолат оқибатида 260 миллион 172 минг сўмлик зарар етказилгани аниқланди.

Ромитан тумани Газберон маҳалласида яшовчи фуқаро Ф.Х. эса газ ҳисоблаш ускунасидан олдин қувурга яширинча уланиб, давлат манфаатларига катта миқдорда зарар етказган. Мутахассислар томонидан ўтказилган қайта ҳисоб-китоб натижасида ноқонуний сарфланган табиий газ қиймати 239 миллион 559 минг сўмни ташкил этгани маълум бўлди.
Бухоро шаҳрининг Жўбор маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Р.А. ҳам худди шундай усулда табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланди. Унга нисбатан 161 миллион сўмлик далолатнома расмийлаштирилди.
Шофиркон туманининг Жилвон маҳалласида қайд этилган яна бир ҳолатда эса фуқаро З.Л. газ таъминоти корхонаси билан белгиланган тартибда шартнома тузмасдан, ўзбошимчалик билан тармоққа уланиб олгани маълум бўлди. Ушбу қонунбузарлик учун 53 миллион сўмлик зарар миқдори белгиланди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, табиий газдан ноқонуний фойдаланиш нафақат иқтисодий зарар келтиради, балки хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам жиддий таҳдид ҳисобланади. Бундай ҳаракатлар газ таъминоти тизимида босимнинг пасайишига, авария ҳолатларининг келиб чиқишига ва. энг ачинарлиси, инсонлар ҳаёти учун хавф туғдириши мумкин.
Текширувлар давомида аниқланган барча ҳолатлар бўйича тегишли далолатномалар расмийлаштирилиб, ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири