Гастрономик туризм ва замонавий логистика манзиллари кўпаймоқда
Қарор ва ижро
Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш йўлида кўплаб тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу йўналишда Тошкент вилоятининг мавжуд имконият ва шароитлари юқори экани билан ажралиб туради.
Президентимизнинг 2023 йил 26 апрелдаги “Республиканинг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам биринчи навбатда жойлардаги транспорт-логистика ва туризм инфратузилмаси муаммоларини бартараф этишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Хусусан, Тошкент вилоятининг Чиноз, Бўстонлиқ, Оҳангарон, Паркент, Бўка, Зангиота туманлари ҳамда Ангрен шаҳрида туризмни “Олтин ҳалқа” концепцияси асосида ривожлантириш белгиланган. Шуни эътиборга олиб, “Олтин ҳалқа”га кирувчи, гастрономик туризм бўйича пешқадам – Чиноз туманида туризм инфратузилмасини ривожлантириш йўлида навбатдаги қадам ташланди.
Мазкур ҳудуддан ўтувчи М-39 магистраль йўли бўйида “BMB HOLDING” ташаббуси билан қиймати 18 миллиард сўм бўлган “BMB Village” мажмуасининг биринчи босқичи ишга туширилди. Гастрономик, туристик ҳамда логистик қулайлик яратишда аҳамиятга эга бўлган мазкур лойиҳа ўзида “Заъфарон миллий таомлари” ресторани, хостел, ҳаммом, автотураргоҳ, автоювиш шохобчасини ўз ичига олган.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Тошкент вилояти ҳокимлиги масъуллари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, туризм соҳасидаги мутахассислар, ҳудуд фаоллари қатнашди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда шу каби ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларнинг амалга оширилиши, халқаро магистраль йўллардаги инфратузилмаларни янада яхшиланишига, туризмни ривожланишига, ҳудудлар иқтисодий кўрсаткичларини ошишига хизмат қилади.
Лойиҳанинг иккинчи босқичи 2025 йил 1 январга қадар ишга туширилиши мўлжалланган бўлиб, унда 200 та автомашинага мўлжалланган кенг тармоқли автотураргоҳ, катта юк машиналари ва енгил машиналарни ювиш, уларга комплекс равишда кенг кўламли техник хизмат кўрсатиш ҳамда бошқа хизматларни амалга ошириш имкони мавжуд бўлади.
Бу ташаббуснинг аҳамиятли томони шундаки, Буюк Ипак йўлининг бир қисми ҳисобланадиган, Ўзбекистонни Қозоғистон билан боғловчи ва “Яллама” пости орқали кириб келувчи ҳамда чиқиб кетувчи халқаро тоифадаги юк ташувчи ва енгил автомашиналарни маълум бир муддат тўхтаб, хавфсиз ҳордиқ чиқаришига эришишдир. Бу ерда таомланиб, автомобилни техник созлигини текширувдан ўтказиш каби бир қанча хизматларни кўрсатувчи мажмуанинг ишга туширилиши ҳудуд учун жуда муҳимдир. Мажмуада келгусида электромобиллар учун ҳам қувватлаш ускуналари ҳамда автомобилларга техник хизмат кўрсатиш хизматини йўлга қўйиш кўзда тутилган.
[gallery-20530]
Холдинг томонидан мазкур андоза асосида республикамизнинг бошқа вилоятларида ҳам, хусусан, халқаро магистраль йўлларнинг бўйида ресторан, хостел, автотураргоҳ, автомобиль ювиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш имкониятига эга кенг тармоқли мажмуаларни очиш режалаштирилган.
Тадбир давомида меҳмонлар бу ерда яратилган шароитлар билан танишди.
А.Мусаев, А.Алижонов (сурат), ЎзА.