Ғарб разведка агентликлари Давосда учрашади
Швейцариянинг Давос шаҳрида Жаҳон иқтисодий форуми бўлиб ўтяпти. Ушбу тоғли минтақада молиявий масалалар муҳокама қилинишидан ташқари, Ғарб разведка агентликлари ўртасида бир қатор махфий музокара ва учрашувлар ҳам бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Разведка агентликлари раҳбарларининг бу галги учрашуви Гренландия билан боғлиқ кескинлашиб бораётган вазият, шунингдек Эрон ва Украинадаги инқирозни ҳисобга олган ҳолда, алоҳида аҳамиятга эга, дейиш мумкин.
Франция разведка агентлиги “Intelligence Online” хабарига кўра, Давосда ҳамжамиятнинг юқори мартабали шахслари тўпланмоқда. Улар орасида Марказий разведка бошқармаси директори ўринбосари Майкл Эллис, Британия МИ6 тузилмаси янги раҳбари Блейз Метревели ва Дания ҳарбий разведкаси (DDIS) етакчиси Томас Аренкиэль ҳам бор.
Нашр таъкидлашича, Моссад раҳбари Давид Барнеа, шунингдек Канада, Австралия каби йирик мамлакатлар разведка хизмати масъуллари ҳам ушбу йиғинда қатнашади.

Шубҳасиз, форумда қизғин сиёсий мунозарага айланган мавзу – Гренландия эътибор марказига чиқади.
Маълумки, АҚШ Президенти Дональд Трамп Гренландияни сотиб олиш режасини қўллаб-қувватламаган мамлакатларга иқтисодий санкция қўллаш таҳдидини илгари сурди. Натижада АҚШ, Буюк Британия ва Дания ўртасидаги кескинлик кучаймоқда. Қолаверса, Қўшма Штатларнинг оролга даъвоси ва шу йўлда амалга ошираётган ишлари туфайли Ғарб разведка идоралари қўшимча босим остида қоляпти. Яъни, томонлар миллий хавфсизликнинг барча эҳтимолий оқибатларини таҳлил этишлари зарур.
“Intelligence Online” таъкидлаганидек, Давос форумида разведка маълумотлари йиғилиши тасодифий эмас.

– Яширин муҳокамаларда нафақат Гренландия, балки Эрон ва Украина каби бошқа қайноқ нуқталар мавзуси ҳам кўтарилиши мумкин, – дея таъкидланади мақолада.
Шу ўринда тарихга бир назар ташлаш жоиз: 2021 йил Давос форуми президенти Бёрге Бренде анжуман доирасида “разведка сектори”ни яратиш ғоясини таклиф қилган эди. Зеро, Мюнхень хавфсизлик конференцияси ёки Сингапурдаги Шангри-Ла форуми каби, Давос ҳам аллақачон глобал разведка ходимлари норасмий учрашуви ўтказиладиган жойга айланган.
Хуллас, бу галги тадбирдаги иштироки билан жосуслик идоралари юқори мартабали вакиллари мазкур машҳур курортни ёпиқ эшиклар ортидаги музокара учун жозибадор жой сифатида билишларини тасдиқламоқда.
С.Раҳимов, ЎзА шарҳловчиси