Ғаллаоролнинг энг китобхон ёш оиласи аниқланди
Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида «Ёш китобхон оила» танловининг туман босқичи бўлиб ўтди.
Ёш оилаларнинг мутолаага қизиқишини ошириш, оилавий китобхонлик анъаналарини мустаҳкамлашга қаратилган танловнинг саралаш жараёнларида 34 та маҳалладан мингдан ортиқ ёш оила қамраб олинди.
Тадбирда туман Ёшлар ишлари бўлими бошлиғи Жамшид Норбеков китобхонлик маданиятини оилада шакллантириш фарзандларнинг интеллектуал салоҳияти ва дунёқарашини юксалтиришда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Туман босқичига саралаб олинган оилаларга муваффақият тилади.
Беллашувда иштирокчилар бадиий ва илмий-оммабоп асарлар бўйича билимини синовдан ўтказди. Уларнинг ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналарини қай даражада ўзлаштиргани, тезкор фикрлаш кўникмалари баҳоланди. Жумладан, 25 та тест саволига жавоб бериш учун 25 дақиқа вақт ажратилди.
Танлов якунига кўра, энг юқори натижани қайд этган Абдуалиевлар оиласи биринчи ўринни эгаллади. Ғолиб оила танловнинг вилоят босқичида Ғаллаорол тумани шарафини ҳимоя қилади.
[gallery-32557]
Тадбир якунида ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА