Ғалладан бўшаган майдонни ёқиш – жиноят
Жиззах вилояти ғалла майдонларида миришкор деҳқонлар томонидан етиштирилган мўл ҳосилни нест-нобуд қилмасдан йиғиб-териб олиш ишлари охирлаб бормоқда.
Аммо, минг афсуски баъзи ҳолларда такрорий экин экиш мақсадида ғалладан бўшаган майдондаги дон пояларини ёқиб юбориш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Шу ўринда 1 гектар ер майдонидаги бошоқли дон пояси ёқилганда атмосфера ҳавосига қанча зарарли моддалар чиқарилишини эслатиб ўтмоқчимиз.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, 1 гектар майдондаги сомон поялари ёқиб юборилган тақдирда атмосфера ҳавосига 500 грамм азот оксиди, 379 грамм углеводород, 3 килограмм кул, 20 килограмм ис гази ва углерод оксиди (СО) гази чиқаётган экан.
Шунингдек, тупроқ структураси бузилиб, тупроқ эрозияси кучаяди, натижада ҳосилдорлик камаяди. 1 тонна хазон ёқилганда эса атмосфера ҳавосига 30 килограмм углерод оксиди ташланади. Битум ёқилганда ундан ажралиб чиққан қурум инсон организмида сил ва саратон касалликларини келтириб чиқаришиш хавфини юзага келтиради.

Ушбу экологик ва ижтимоий муаммоларнинг олдини олиш мақсадида Жиззах вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш шўъбаси томонидан назорат ишлари олиб бориляпти.
Жумладан Арнасой тумани экология инспекцияси томонидан олиб борилган экорейд тадбирлари давомида “Ўзбеккосмос” агентлиги томонидан олинган суратлар қайта ишланиб, таҳлил қилинди ва туман ҳудудида ғалладан бўшаган ер майдони ёқиб юборилганлиги аниқланди.
Ўрганишлар давомида “Олтин водий” МФЙ Ибн Сино кўчасида яшовчи фуқаро М.А. томонидан майдон ёқиб юборилганлиги маълум бўлди. Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикасининг “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” ги қонуннинг 4,24-моддаларининг талаблари бузилганлигини инобатга олиб, фуқарога МЖтКнинг 88-моддаси 3-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилди ва БҲМнинг уч баравари – 1 миллион 20 минг сўм жарима белгиланди.
Арнасой тумани қишлоқ хўжалиги бўлимидан олинган маълумотга кўра, “Оқбулоқ” СИУ хўжалигида истиқомат қилувчи фуқаро М.А.га тегишли бўлган контурда ёнғин бўлган 2,5 гектар ғалла майдонининг бонитет бали 42 ҳамда тўлиқ агротехник қоидаларга амал қилган ҳолдаги ҳосилдорлиги 25,2 центнер эканлиги инобатга олиб, табиатга 3 миллион 434 минг 296 сўмлик зарар етказилганлиги бўйича маълумотларни келтириш мумкин.
Такрорий экин экиш учун сомон пояларини ёқиб юбориш ҳар томонлама зарар келтиради. Бу ҳолат нафақат атроф-муҳитни ифлослантириб, тупроқ унумдорлигини пасайтиради, балки чорва моллари ва уларнинг озуқасига путур етказиб, жамиятга иқтисодий зарар келтиради.
Ғалладан бўшаган майдонларни ёқиш амалдаги қонунларни бузилиши ҳисобланиб, жазо чоралари кўрилиши муқаррардир.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА