Ғафур Ғулом ижоди — болалар нигоҳида
Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан атоқли ижодкор, Ўзбекистон халқ шоири Ғафур Ғулом таваллудининг 120 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан мазкур сана муносабати билан таълим масканлари, кутубхоналарда забардаст шоир ижодига бағишланган адабий анжуманлар, мулоқотлар, ижодий кечалар ўтказилмоқда.
Ана шундай адабий тадбир Абдулла Қодирий номидаги ижод мактабида пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги 260-умумтаълим мактаби билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбирда таъкидланганидек, Ғафур Ғуломнинг шеърияти ва насрида ўзбек халқи тарихи ўзининг бадиий тимсолини топган. Ёзувчининг ижоди ранг-баранг — шеърлар, қўшиқлар, достонлар, қасидалар, ҳикоялар, повестлардан иборат. Ғафур Ғуломнинг урушдан кейинги даврдаги ижоди ҳам ўзбек адабиёти ривожида беқиёс ўрин тутган. Ғафур Ғулом, шунингдек, Пушкин, Лермонтов, Грибоедов, Маяковский, Нозим Ҳикмат, Руставели, Низомий, Шекспир, Данте, Бомарше ва бошқаларнинг асарларини ўзбек тилига моҳирона таржима қилган.

Адабиётшуносларга кўра, Ғафур Ғулом ижодида ХХ асрнинг биринчи ярмидаги йирик жараёнлар, оламшумул воқеликлар ўз ифодасини топгани билан аҳамиятли. Унинг ижодида ёш авлодга эътибор алоҳида ўрин тутади. “Сен етим эмассан” (1942), “Қайғу” (1942), “Бири бирига шогирд, бири бирига устод” (1950), “Сизларга — ёшлар” (1947), “Баҳор тароналари” (1948) ва бошқалар шулар жумласидандир.
Айниқса, Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” повести адабиёт мухлислари томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинган. Мурғак боланинг кўргуликларини ифода этувчи ушбу асар халқчиллиги, жайдари ва бой тили, самимияти, изтиробга йўғрилган мутойибаси билан диққатга сазовордир.

—Бу каби адабий тадбирлар ўқувчиларимизни миллий адабиётимиз билан янада яқинроқ таништиришда, китобхонликни тарғиб этишда алоҳида аҳамият касб этади, — деди 260-мактабнинг адабиёт ўқитувчиси Муҳайё Саидова. – Анъанавий дарс машғулотлари билан бирга, ўқувчиларнинг бевосита ўзлари иштирокидаги шу каби адабий тадбирлар болаларда устоз шоир ва ёзувчиларимиз ижодига бўлган қизиқишни орттиришга хизмат қилади.

Тадбирда ўқувчилар томонидан Ғафур Ғулом асарларидан парчалар театрлаштирилган лавҳалар тарзида ижро этилди. Шу билан бирга, академик шоирнинг шеърлари ўзбек, инглиз, рус тилларида ёддан ўқилди.Тадбир якунида ўқувчиларга фахрий ёрлиқ ва бадиий китоблар топширилди.
Н.Усмонова,
ЎзА