ФВБ: Синовдан ўтган тайёргарлик
Жиззах вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан вилоятдаги биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш отрядларининг фавқулодда вазиятларга шайлик даражасини аниқлашга қаратилган ўрганишлар ўтказилди. Унда шахсий таркибнинг амалий тайёргарлиги, тезкор ҳаракат қилиш қобилияти ҳамда тиббий жиҳоз ва воситалар билан таъминланганлик ҳолати комплекс тарзда баҳоланди.
Ўрганишлар давомида шахсий таркибнинг фавқулодда вазиятларда тезкор қарор қабул қилиш, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, воқеа жойидаги ҳаракатларни тўғри ташкил этиш бўйича амалий кўникмалари белгиланган меъёрлар асосида синовдан ўтказилди. Шу билан бирга, махсус тиббий анжомлар, зарур воситалар ва жиҳозларнинг шайлиги ҳамда улардан самарали фойдаланиш даражаси атрофлича кўздан кечирилди.

Мутахассислар таъкидлаганидек, фавқулодда вазият юз берган дастлабки дақиқалар инсон ҳаётини сақлаб қолишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шу боис қутқарувчиларнинг биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича амалий маҳоратини мунтазам такомиллаштириш, мавжуд куч ва воситаларнинг доимий шайлигини таъминлаш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.

Мамлакатимизда аҳоли ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, қутқарув хизматларининг жанговар ва амалий шайлигини ошириш, аҳолига тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида изчил амалга оширилмоқда. Бу борада фавқулодда вазиятлар тизимида мунтазам ўқув машғулотлари, амалий синовлар ва малака ошириш тадбирлари ташкил этилиб, қутқарувчиларнинг касбий маҳорати босқичма-босқич юксалтириб борилмоқда.

Мазкур ўрганиш ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиб, фавқулодда вазиятларда аҳолига тезкор ва сифатли биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятларини янада кенгайтириш, шахсий таркибнинг касбий тайёргарлигини мустаҳкамлаш ҳамда қутқарув бўлинмаларининг доимий шайлигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА