Футзалчи қизларимизни жиддий рақиб кутмоқда
Тошкент шаҳридаги “Юнусобод спорт мажмуаси"да ўтказилаётган футзал бўйича аёллар Осиё чемпионати саралаш босқичининг “C” гуруҳидаги баҳслар давом этмоқда.
Бугун, 13 январь куни Фарруҳ Зокиров бошқарувидаги Ўзбекистон аёллар футзал терма жамоаси ўз иштирокини Филиппин термасига қарши ўйин билан бошлайди. Учрашув маҳаллий вақт билан соат 15:00 да старт олади. Шунингдек, гуруҳда Қувайт ва Австралия терма жамоалари ҳам ўзаро рақобатлашади. Бу турда Туркманистон дам олади.
Ҳозирда “С” гуруҳида Австралия ва Филиппин биттадан ғалаба қозонган ҳолда 3 очко жамғариб, 1-2 ўриндан жой олган бўлса, Туркманистон ва Қувайт терма жамоалари мағлубият эвазига илк турданоқ очко йўқотди.
Маълумот ўрнида: саралаш натижаларига кўра, тўрт гуруҳда дастлабки икки ўринни эгаллаган жамоалар ва энг яхши битта 3-ўрин соҳиби 2025 йилнинг 7-18 май кунлари Хитойда ўтказиладиган қитъа мусобақасининг финал босқичига йўл олади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА