Футзал: Жаҳон футбол юлдузлари Ўзбекистон Суперкубогида
Бугун, 3 сентябрь куни пойтахтимиздаги «Бунёдкор» стадионида Ўзбекистон ва жаҳон футболи афсоналари ўртасида ўртоқлик учрашуви ташкил этилади.
Кеча пойтахтимиздаги “Ҳумо арена” спорт саройида минг-минглаб футбол ишқибозларига футзал завқини тортиқ этган Ўзбекистон Суперкубоги ўйинлари ҳар жиҳатдан юқори савияда ва кўтаринки руҳда ўтди.
Жаҳон футболининг ёрқин юлдузлари гувоҳлигида футзал бўйича мамлакатнинг амалдаги чемпиони “BMB PFC” ҳамда кумуш медаль соҳиби ва Ўзбекистон кубоги финалчиси “SQB PFC” ўртасидаги қарама-қаршилик 2026/2027 йилги мавсум олдидан кичик футболнинг катта қувончи кўринишини олди.
Учрашувнинг дастлабки дақиқалардан “BMB” футзалчилари асосий эътиборни ҳужумга қаратди. Бу ўз навбатида “SQB” дарвозаси олдида кетма-кет хавфли вазиятлар юзага келишига олиб келди. Бироқ кўп ҳолатларда “BMB” ҳужумчиларига омад етишмади. Бошқа вазиятларда эса дарвозабон Шавкат Ибрагимовнинг маҳорати “SQB”ни голлардан асраб қолди, дейиш мумкин.
[gallery-31232]
Шундай ҳолдаги қарши ҳужумнинг бирида “SQB” футзалчилари ҳисобни очди ва бу банкчиларнинг ўз кучига бўлган ишончини янада мустаҳкамлади.
Асосан қарши ҳужумлар орқали ҳаракатланган “SQB”нинг тажрибали футзалчиларининг маҳорати якунда ўз сўзини айтди.
Иккинчи бўлимнинг ўрталари голларга бой бўлди. Тимур Салимов ҳамда Болтнинг голларидан сўнг “SQB” фарқни 3:1 кўринишига келтирди.
Аммо Жиззахнинг “BMB” жамоаси охирги дақиқаларгача таслим бўлмади. Жамоанинг маҳоратли футзалчиси Жаеан Альдемиронинг иккинчи голи, Виторнинг “SQB” дарвозасини ишғол этиши учрашув тақдири пенальтилар сериясида ҳал бўлишига ишора қилди.
[gallery-31233]
“Пенальтилар лотереяси”да эса “SQB” дарвозабони Шавкат Ибрагимовнинг маҳорати ҳал қилувчи аҳамият касб этди. У икки бор 6 метрлик нуқтадан йўлланган зарбаларни қайтариб, учрашувнинг ҳақиқий қаҳрамонига айланди. Бу, “SQB” ўз тарихида илк бор Ўзбекистон Суперкубогини қўлга киритишини таъминлади.
Тақдирлаш маросимида жаҳон футболи афсоналари, Ўзбекистон футзал федерацияси президенти Бекзод Маматқулов, Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президентлари Равшан Эрматов ва Одил Аҳмедов, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов иштирок этди.
Суперкубок совринини “SQB” PFC жамоасига Европа чемпиони Мичел Салгадо ҳамда жаҳон чемпиони Марcо Матераззи топширди.
Тўрт йил мобайнида илк бор бош совринни рақибига бой берган “BMB” жамоаси янги мавсумга янада жиддий киришиши аниқ. Зеро, амалдаги мамлакат чемпионини халқаро майдонда — клублар ўртасидаги Осиё чемпионати мусобақалари кутиб турибди.
Бугунги Суперкубок баҳси нафақат унинг иштирокчилари, балки янги мавсумда Олий лигада қатнашадиган барча жамоалар учун ҳам катта тажриба ва ўзига хос сабоқ мактаби бўлди.
Бугун пойтахтимиздаги «Бунёдкор» стадионида Ўзбекистон ва жаҳон футболи афсоналари ўртасида ўтадиган ўртоқлик учрашуви миллионлар ўйинининг жозибасини кўпга тортиқ этиши билан аҳамиятли.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллик байрамига бағишланган мазкур тарихий учрашувда Ўзбекистон жамоаси қандай таркибда майдонга тушади? Бу савол, табиийки, футбол ихлосмандларини қизиқтираётгани шубҳасиз.
Шу ўринда айтиш лозимки, юртимизда мамлакат чемпионати ўйинлари давом этаётганлиги сабабли, Ўзбек футболининг ёрқин вакиллари Миржалол Қосимов, Тимур Кападзе, Максим Шацких, Улуғбек Бақоев сингари номдорларимиз ўз жамоаларининг чемпионатнинг навбатдаги тур ўйинларидаги иштироки боис Ўзбекистон ва жаҳон терма жамоалари қарама-қаршилигидаги ўйинда майдонга туша олмайдиган бўлди.
Жаҳон футбол юлдузларига қарши ўйинда Ўзбекистон жамоаси қуйидаги таркибда майдонга тушади:
Дарвозабонлар: Игнатий Нестеров, Рустам Умаров. Ҳимоячилар: Виталий Денисов, Ҳикмат Ҳошимов, Шерзод Шарипов, Нодир Элибоев. Ярим ҳимоячилар: Одил Аҳмедов, Сервер Жепаров, Леонид Кошелев, Жасур Ҳасанов, Санжар Турсунов, Сергей Лебедев, Камолиддин Мурзоев, Равшан Эрматов. Ҳужумчилар: Азамат Абдураимов, Абдулла Бўриев, Илёс Зейтуллаев. Бош мураббий: Биродар Абдураимов, ёрдамчи мураббий: Равшан Ҳайдаров.
Т.Рўзиев,
А.Мамадаминов(сурат), Сарвар Ўрмонов (сурат),
ЎзА