Футбол: “Сўғдиёна” яна ғолиб
FIFA кунлари ва миллий терма жамоамизнинг Осиё кубоги саралаш баҳсларида иштироки муносабати билан футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати суперлигасида юзага келган танаффус якунига етди ва куни кеча Тошкентда чемпионатнинг 12-тур учрашувларига старт берилди.
Тур Тошкентда “Локомотив” ва Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоалари ўртасидаги ўйин билан бошланди.

Учрашувнинг 18-дақиқасига келиб жиззахликлар “Локомотив” жарима майдончаси олдида хавфли вазиятни юзага келтирди. Шахбоз Жўрабековнинг узатмасини “Шохруз Норхонов дарвозага йўллади. Ҳисоб меҳмонлар томонидан очилди – 0:1.
Ана шу 0:1 ҳисоби билан биринчи бўлим якунига етди.
Иккинчи бўлимни “Локомотив” тезкор ҳужумлар билан бошлаган бўлса-да, жиззахликлар қўрғонини ёриб ўтишнинг уддасидан чиқа олмади.

Учрашувнинг 53-дақиқасида “Локомотив” сардори, грузиялик легионер Кахи Махарадзе керак бўлмаган вазиятда Шохруз Норхоновга зарба бериб юборди. Бу ҳолатга VAR аралашди ва “Локомотив” сардори майдондан четлатилди.
“Локомотив” – “Сўғдиёна” ўртасидаги 0:1 ҳисоби учрашув сўнгигача ўзгармай қолди.

“Сўғдиёна” 24 июнь куни Тожкистоннинг Душанбе шаҳрида бошланадиган Осиё кубогига йўл оладиган бўлди.
Эслатиб ўтамиз, “Сўғдиёна” жамоаси “Е” гуруҳда кейинги плей-офф босқичига бериладиган ягона йўлланма учун баҳс олиб боради.
Мазкур гуруҳдаги баҳслар жорий йилнинг 24, 27 ва 30 июнь кунлари Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида бўлиб ўтади. “Сўғдиёна” 24 июнь куни соат 19:00 да Қирғиз Республикасининг “Нефтчи”, 27 июнь куни соат 22:00 да Тожикистоннинг ЦСКА ва 30 июнь куни Туркманистоннинг “Алтин асир” жамоаларига қарши майдонга тушади.
А.Қаюмов, ЎзА