Фуқаронинг ҳуқуқи суд орқали ҳимоя қилинди
Сўнгги пайтларда кредитларга кафил бўлган фуқаролар томонидан қарздорларга ўз вақтида кредитларни қайтарилмаслиги натижасида уларни ундириш кафилнинг ҳисоб рақамига қаратилаётганлиги масаласида мурожаатлар келиб тушмоқда.
Айниқса, фуқаронинг ўзи билмаган ҳолда, ёки алдов йўли билан кредитга “кафил” сифатида киритилиши жуда ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Шундай вазиятда қолган фуқаролардан бирига Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.
Мурожаатчи ўзи кутмаган жойдан банк томонидан кредит қарздорлигини тўлаш бўйича суд буйруғи чиққанлигини билиб қолди. У ушбу кредит шартномасидан бехабар бўлган. Бу ҳолат фуқарони маънавий ва моддий жиҳатдан оғир аҳволга солиб қўйди.
Мурожаатчи Элликқалъа тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига келиб, вазиятни тушунтирди. Мутахассислар томонидан унга қонуний ва ҳуқуқий жиҳатдан ўзини қандай ҳимоя қилиши, судга қандай аризалар тайёрлаш кераклиги юзасидан батафсил ҳуқуқий маслаҳат берилди.
Шу асосда, фуқаро судга мурожаат қилиб, суд буйруғига эътироз билдирди. Беруний туманлараро судининг 2026 йил 14 август кунги қарори билан, ушбу кредит шартномаси бўйича фуқародан қарз ундириш ҳақидаги суд буйруғи тўлиқ бекор қилинди.
Мутахассиснинг таъкидлашича, фуқаролар кредит шартномаларини имзолаётганда ёки кимгадир кафил бўлаётганда, ҳужжатларни тўлиқ ўрганиб чиқиши, шартноманинг мазмуни билан яқиндан танишиши керак. Агар ўзингиз билмаган ҳолда кредитга кафил бўлганингизни билиб қолсангиз, дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ёки истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияга мурожаат қилишингиз зарур.
Мазкур ҳолатда фуқаро ўз ҳуқуқини билиб, вақтида судга мурожаат қилмаганда, у ўзи олмаган қарзи учун банк олдида жавобгар бўлиб қолиши мумкин эди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири