Фуқаролик жамияти – ислоҳотларнинг муҳим таянчи
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Навоий вилояти ҳудудий бўлими ҳамда Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг вилоят бўлинмаси ҳамкорлигида “Ёшлар ойлиги” доирасида ННТ раҳбарлари ва ёш ташкилотчилар иштирокида давра суҳбати ўтказилди.
Мамлакатимизда кейинги йилларда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг давлат ҳамда жамият ҳаётидаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар янги босқичга кўтарилди. Президентимиз ташаббуси билан очиқ мулоқот, ижтимоий шериклик, давлат грантлари ва ижтимоий буюртмалар тизими такомиллаштирилиб, ННТларнинг жамиятдаги нуфузи ошиб бормоқда.
Давра суҳбатида нодавлат секторда кўп йиллик тажрибага эга мутахассисларнинг билим ва кўникмаларини ёш ННТ раҳбарларига етказиш, уларнинг грантлар танловларида иштирок этиш, ижтимоий лойиҳалар ишлаб чиқиш ҳамда бошқариш бўйича салоҳиятини ошириш борасида сўз юритилди.
Давра суҳбати давомида вилоятнинг турли ҳудудларида амалга оширилаётган ижтимоий лойиҳалар, эришилган натижалар, мавжуд муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш йўллари муҳокама қилинди.
Тадбирда иштирокчиларга Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган ижтимоий буюртмалар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.

Тадбир якунида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясига янги аъзо бўлган ташкилотларга аъзолик гувоҳномалари топширилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири