Фуқаролик жамияти институтлари ривожланмоқда
Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларининг эркин фаолияти учун яратилган ташкилий-ҳуқуқий асослар ва уларни амалга ошириш орқали нодавлат ташкилотларининг жамият ҳаётидаги роли, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришдаги иштироки кучайиб бормоқда.
Шунга монанд фуқaрoлик жaмияти институтлaри ҳам ҳудудларда қабул қилинаётган дастурлар ижроси устидaн тaъсирчaн жaмoaтчилик нaзoрaтини ўрнатяпти. Айнан дастурларда белгиланган вазифаларни амалиётга татбиқ этишда ҳам уларнинг рoли тобора oртиб бoряпти.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби, Фарғона вилоятида ҳам фуқаролик жамияти институтлари сон ва сифат жиҳатидан юксалиб бормоқда. Хусусан, вилоятимизда 800 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар, соғлиқни сақлаш, спорт, тадбиркорлик ва фермерлик, фавқулодда ҳолатлар, ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, маданият, тарих ва маърифат соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.
Ушбу нодавлат ва нотижорат ташкилотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Фарғона вилоятида ҳам бир қатор тизимли ишлар амалга ошириляпти. Жумладан, Халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгаши ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан 2022 йилда 13 та жамоат ташкилотининг лойиҳаси учун 520 миллион сўм, 2023 йилда 11 та жамоат ташкилотлари лойиҳасига 550 миллион сўм грант маблағлари ажратилган.
Вилоят жамоат фонди томонидан 2022 йилда 3 та жамоат ташкилотига 400 миллион сўм, 2023 йилда 2 та жамоат ташкилотига 420 миллион сўм миқдорида ижтимоий буюртма маблағлари берилгани ҳам фикримизнинг ёрқин мисолидир.
Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан 2022 йилда 13 та, 2023 йилда 17 та жамоат ташкилотининг лойиҳаларига жами 1 миллиард 525 миллион сўм маблағ йўналтирилди. Шунингдек, ўтган 2023 йилда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳузуридаги жамоат фонди томонидан Фарғона вилоятида фаолият олиб бораётган 1 та жамоат ташкилотининг лойиҳасига грант маблағи ажратилган.
Кейинги йилларда фуқаролик жамияти институтларини рағбатлантириш механизмлари ҳам мақсадли такомиллаштирилиб, кафолатлар мустаҳкамланмоқда. Жумладан, 200 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди, ННТларни давлат рўйхатидан ўтказишда давлат божи 5 бараварга, уларнинг рамзларини рўйхатдан ўтказиш божи 2,5 бараварга, ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, хотин-қизлар ва болалар ННТларини рўйхатга олиш божи эса 50 фоизгача камайтирилди, ННТларни давлат рўйхатига олиш бўйича аризаларни кўриб чиқиш муддати 2 ойдан 1 ойга қисқартирилди, ННТлар барча солиқ ва мажбурий тўловлардан озод этилди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг устувор йўналишларидаги 83-мақсадда эркин фуқаролик жамиятини ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, Ўзбекистонни фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича хабга айлантириш бўйича ижтимоий шерикликда амалга ошириладиган лойиҳалар сонини камида 3 бараварга кўпайтириш, давлат дастурларида иштирок этаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари сонини камида 80 тага етказиш кўзда тутилган.
Бу эса мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш давлат эътиборида эканлиги ва бу эътибор кун тартибидан ҳеч қачон тушмаслигидан далолат беради.
Санжарбек Раҳмонов,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Фарғона вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси.
ЎзА