“Фуқаролик жамияти ҳафталиги”
Навоий шаҳридаги Ёшлар марказида “Юксалиш” халқаро ҳаракатининг Навоий вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” доирасида давра суҳбати ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 26 августдаги “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ҳар йили декабрь ойининг биринчи ҳафтасида “Фуқаролик жамияти ҳафталиги”ни ўтказиш белгиланган.
Давра суҳбатида таъкидланганидек, кейинги йилларда юртимизда амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқий кафолатлари таъминланиб, норматив-ҳуқуқий база янада такомиллаштирилмоқда.
Дастлаб, Президент фармонида белгиланган фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асосий йўналишлари бўйича маълумот берилди.
[gallery-20697]
Жумладан, фармон билан давлат ва жамият ҳаётида фуқаролик жамияти институтлари фаоллигини янада ошириш, уларнинг ташаббусларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, ижтимоий шерикликни янада ривожлантириш, таъсирчан жамоатчилик назорати олиб борилишини рағбатлантириш хусусида сўз юритилди.
Шунингдек, тадбирда сўзга чиққанлар томонидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлари олдида турган асосий вазифалар, депутатларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, биргаликда жамоатчилик назоратини кучайтириш, фуқаролик жамияти институтларининг юртимизнинг ҳар томонлама юксалишида фаол иштирок этишини таъминлаш масалалари ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Ҳафталик доирасида “Юксалиш” халқаро ҳаракатининг Навоий вилояти ҳудудий бўлинмаси, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бир қатор ҳамкор ташкилотлар иштирокида давра суҳбатлари, учрашувлар, турли лойиҳалар ўтказишга келишиб олинди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари