Фуқароларнинг давлат хизматларига оид шикоятлари кўриб чиқилди
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 19 майдаги “Ҳуқуқий эксперимент тариқасида давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ маъмурий ҳужжатлар бўйича низоларни судгача кўриб чиқишнинг янги тартибини жорий этиш тўғрисида”ги қарори асосида Адлия вазирлиги ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаси ҳузурида ташкил этилган Апелляция кенгашлари ўз фаолиятини бошлади.
Мазкур кенгаш жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда қўшимча қулайликлар яратиш, шунингдек, давлат хизматларини кўрсатишдаги маъмурий ҳужжатлар бўйича низоларни судгача кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш мақсадида ташкил этилди.

Шунга кўра, пойтахтимизда мазкур Апелляция кенгашининг дастлабки мажлиси бўлиб ўтди. Унда Бизнес-омбудсман девони раҳбарияти иштирок этди.
Мажлисда манфаатдор шахсларнинг давлат хизматларига оид шикоятлари атрофлича кўриб чиқилиб, натижаси юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ушбу кенгашлар давлат хизматларини кўрсатишда юзага келадиган маъмурий ҳужжатлар бўйича низоларни судгача кўриб чиқишга мўлжалланган.
Мазкур қарор доирасида, эксперимент тариқасида 25 турдаги давлат хизматлари бўйича қабул қилинган маъмурий ҳужжатларнинг қонунийлиги Апелляция кенгашлари томонидан коллегиал ва ҳақ ундирилмасдан кўриб чиқилиши белгиланган.
Гулноза Бобоева,
ЎзА