Фуқаролар номзодларга ишонч билан овоз бермоқда
Сергели туманидаги “Ёрқин ҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли 426-сайлов участкасида 12:00 га қадар рўйхатга олинган 955 сайловчининг 450 нафарга яқини ўзи муносиб билган номзодга овоз берган.
Сергели туманидаги “Ёрқин ҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли 426-сайлов участкасида 12:00 га қадар рўйхатга олинган 955 сайловчининг 450 нафарга яқини ўзи муносиб билган номзодга овоз берган.
– Эрта тонгдан фуқароларимиз сайлов ҳуқуқидан фойдаланиб, ўзи муносиб кўрган номзодларга овоз бермоқда, – деди мазкур участка сайлов комиссияси раиси Дилноза Турдибакирова. – 30 дан зиёд сайловчимиз биринчи марта овоз бермоқда. 5 сайловчи муддатидан олдин овоз берди. Бемор, кекса ва турли сабаблар билан сайлов участкасига келолмаган фуқароларнинг уйига бориб, овоз беришлари таъминланади.

Бу йилги сайловларнинг “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтаётгани одамларга янги руҳ бағишламоқда. Фуқароларнинг ҳуқуқий билими ошиб, сиёсий жараёнларда фаол иштироки сезилмоқда. Ўз фуқаролик позициясини эмин-эркин билдириш имконига эга. Биз сайлов кампанияси бошлангандан кейин тарғибот-ташвиқот, тушунтириш ишларини фаол олиб бордик. Фуқаролар номзодларга кўр-кўрона эмас, ишонч билан овоз беришмоқда.
– Сайловларда кўп иштирок этганман. Тўғрисини айтсам, бу йилги сайловлар аввалгиларидан фарқ қилади, – деди Зокиржон Бурхонов. – Сайловларнинг очиқ, шаффоф ўтиши бизга боғлиқ. Шу сабабли, оила аъзоларимни олиб келдим. “Бир сайловчи – бир овоз” тамойилига амал қилган ҳолда ҳар биримиз ўзимиз муносиб кўрган номзодга овоз бердик. Албатта, депутатликка муносиб номзодни танлаш жамият равнақи, халқ фаровонлигини оширишга қўшган ҳиссамиз бўлади.