Фтизиатрлар ва пульмонологлар анжумани: сил ва нафас касалликларига инновацион ечимлар
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда хавфли касалликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда.
Хусусан, пойтахтимизда Ўзбекистон фтизиатрлари ва пульмонологларининг IX анжумани мамлакатимиз тиббиётининг сўнгги йилларда эришган ютуқларини мустаҳкамлаш ва соҳадаги глобал янгиликларни амалиётга жорий этиш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар ташаббуси билан ташкил этилган анжуман дунёнинг етакчи тиббиёт марказлари ва халқаро тузилмаларни бир майдонга бирлаштирди. Унда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари, шунингдек, Германия, Швейцария, Россия, Беларусь, Озарбайжон, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон каби давлатлардан ташриф буюрган етакчи мутахассислар иштирок этиб, ўз тажрибалари билан ўртоқлашмоқда.

Анжуман давомида сил ва нафас аъзолари касалликларининг олдини олиш, уларни эрта босқичларда аниқлаш, самарали назорат қилиш ҳамда замонавий протоколлар асосида даволашнинг энг долзарб масалалари кенг муҳокама қилинмоқда.
Хусусан, касалликларни эрта аниқлашда сунъий интеллект ва замонавий диагностика ускуналаридан фойдаланиш кўламини кенгайтириш, силга қарши дори воситаларининг янги авлодини қўллаш ҳамда респиратор тиббиётда тиббий реабилитация жараёнларини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу анжуман орқали юртимизда фтизиатрия ва респиратор тиббиёт анъаналарини замонавий инновациялар билан уйғунлаштириш ҳамда соҳани сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш асосий мақсад қилиб қўйилган.

Эътироф этилганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистонда сил касаллигига қарши курашиш тизими тубдан янгиланиб, халқаро стандартларга тўла жавоб берадиган эпидемиологик назорат ўрнатилгани ва беморларни даволашда сарфланадиган вақт ҳамда ресурслар оптимизация қилингани ҳам бу борадаги ишларнинг маҳсулидир.
Пойтахтимизда ўтказилаётган мазкур анжуман эса миллий тиббиётимизнинг жаҳон миқёсидаги обрў-эътиборини янада оширишга, шифокорларимизнинг илмий салоҳиятини юксалтиришга ва энг асосийси, халқимиз саломатлигини муҳофаза қилиш сифатини янги даражага кўтаришга хизмат қилади.

Тадбир якунлари бўйича қабул қилинадиган тавсиялар келгусида амалий тиббиётга муваффақиятли жорий этилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА