“Фронтдан мактублар” альбом-каталоги нашр этилди
Хотира ва қадрлаш куни олдидан Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси томонидан “Фронтдан мактублар” номли альбом-католог тайёрланди.
Ундан музей-қўриқхонанинг ҳужжатлар фондида сақланаётган турли миллатга мансуб инсонлар томонидан, турли тилларда ёзилган 80 дан ортиқ мактуб жой олган.
– Самарқанд давлат музей-қўриқхонасининг ҳужжатлар фонди XIX асрнинг охиридан шакллана бошлаган, – дейди музей-қўриқхона илмий ходими Ш.Саттаров. – Ушбу фондда шахсий ҳужжатлар, варақалар, афишалар, газеталар, қўлёзма ҳужжатлар, хариталар, XIX аср охири ва XX аср бошларига оид фотоальбомлар, фотосуратлардан иборат жами 38 мингдан ортиқ ашёлар рўйхатга олинган. Фонднинг шахсий ҳужжатлар жамланмаси 9511 минг сақлов бирлигидан иборат.

Бу ерда Абдулла Қаҳҳор, Миртемир, Асқад Мухтор каби ёзувчиларнинг шахсий ҳужжатлари ҳам мавжуд. Шахсий ҳужжатлар жамланмасида Иккинчи жаҳон уруши билан боғлиқ ашёлар талайгина. Уларнинг ичида фронт мактублари алоҳида қизиқиш уйғотади.
Ушбу мактублар Самарқанд музейи фондига турли йилларда қабул қилинган. Масалан, Иккинчи жаҳон уруш қатнашчиси Расул Усмоновнинг шахсий ҳужжатлари 1979 йилда Тошпўлот Усмонов томонидан топширилган. 1922 йилда туғилган Г. Ходасевич (Газарьян)нинг шахсий ҳужжатлари 1985 йилда ҳужжатлар фондига унинг ўзи томонидан тақдим этилган.

Каталогдан ўрин олган мактублар уруш қатнашчилари ва уларнинг яқинлари, оила аъзоларининг шахсий ёзишмалари бўлса-да уларда баён этилган фикрлар ўша давр тўғрисида тасаввуримизни бойитиш ҳамда энг муҳими, тинчлик-осойишталикнинг қадри етиб яшашга даъват этади.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА