Фрейбергдан Қизилқумгача: Германия ва Ўзбекистонни боғлаган илм йўли
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги олдидан
Баъзан инсоннинг ҳаёт йўли харитада бир-биридан минглаб километр узоқликда жойлашган икки гўша билан чамбарчас боғланади. Мен учун Германиянинг қадимий Фрейберг шаҳри ва Ўзбекистоннинг бепоён Қизилқум ҳудуди ана шундай икки қадрдон маскандир. Бу олис манзилларни кончилик соҳаси ва фаол илмий ҳамкорлик анъаналари боғлаб турибди.
Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ортга назар ташлар эканман, мамлакатингиз босиб ўтган тараққиёт йўли, айниқса, илм-фан, олий таълим ва тоғ-кон саноати соҳаларидаги юксалиш алоҳида эътирофга лойиқ эканини таъкидламоқчиман. Мустақиллик йилларида Ўзбекистон нафақат иқтисодий жиҳатдан ривожланди, балки халқаро илмий ҳамкорликнинг ишончли ҳамкорига айланди.
Менинг Ўзбекистон билан танишувим ўтган асрнинг 80-йилларига бориб тақалади. Илк бор 1980 йилда талаба сифатида Ангрен шаҳрида амалий машғулотларда бўлганман. Ўша сафар менда нафақат кончилик ишлаб чиқариши, балки ўзбекистонлик мутахассисларнинг касбига садоқати ва меҳмондўстлиги катта таассурот қолдирган эди. Орадан йиллар ўтиб, 2002 йилда профессор ҳамда Германия томони вакили сифатида Навоий кон-металлургия комбинати билан ҳамкорликда фосфорит рудаларини қазиб олиш лойиҳасида иштирок этиш насиб этди. Ўша даврдан бошланган илмий ва амалий ҳамкорлик бугунги кунгача изчил давом этиб келмоқда.
2024 йил апрель ойида Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида ўтказилган халқаро илмий-амалий анжуманда қатнашиш мен учун яна бир унутилмас воқеа бўлди. Мазкур даврдан эътиборан ҳар йили Ўзбекистонга келиб турибман. Қизилқум минтақаси ва Зарафшон воҳаси билан яқиндан таниш хорижлик олим сифатида ушбу ҳудуд саноати ва инфратузилмаси йил сайин замонавий қиёфа касб этаётганини мамнуният билан кузатмоқдаман.
Мен фаолият юритаётган Фрейберг кончилик академияси дунёдаги энг қадимий тоғ-кон олий даргоҳларидан бири бўлиб, геология, металлургия, материалшунослик, энергетика ва барқарор ресурслардан фойдаланиш соҳаларида халқаро миқёсда юксак обрў-эътибор қозонган. Фрейберг шаҳри эса асрлар давомида Европа кончилик илм-фани ва муҳандислик мактабининг бешиги саналади.
Бугунги кунда Фрейберг кончилик академияси ва Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Айниқса, 2025 йилдан йўлга қўйилган “Фойдали қазилма конларини қазиш” йўналиши бўйича қўшма магистратура дастури халқаро таълим интеграциясининг ёрқин намунаси ҳисобланади. Ушбу дастур орқали талабалар Германия ва Ўзбекистонда таҳсил олиб, ўқув жараёнини муваффақиятли якунлагач, бир вақтнинг ўзида икки давлатнинг олий таълим дипломини қўлга киритмоқда. Бу эса ёш мутахассисларга халқаро меҳнат бозорида кенг имкониятлар яратиш билан бирга, икки мамлакат илмий мактабларини янада яқинлаштиряпти. Қолаверса, 2023-2026 йилларда ҳамкорликда амалга оширилган халқаро грант, яъни Европа Комиссиясининг “Эрасмус+” (“Олий таълимда салоҳиятни ошириш”) дастури томонидан молиялаштирилган “Эко-кон ва табиий ресурсларни инновацион бошқариш” лойиҳаси ҳам университетлар ўртасидаги академик ҳамкорликда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Албатта, илм-фан чегараларни тан олмайди. Университетлар халқларни яқинлаштирадиган, янги ғояларни бирлаштирадиган ва келажак учун мустаҳкам пойдевор яратадиган маскандир. Шу маънода Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ҳам Марказий Осиёда тоғ-кон таълимида етакчи илмий тадқиқот марказларидан бирига айланиб улгурганини алоҳида таъкидлашни истардим.
Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона муносабатлар ҳам йилдан-йилга мустаҳкамланмоқда. Икки мамлакат ўртасида сиёсат, иқтисодиёт, фан, таълим ва маданият соҳаларида ишончли ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бугун ушбу алоқалар университетлар, илмий марказлар ва саноат корхоналари ўртасидаги қўшма лойиҳалар орқали янги мазмун билан бойиб бормоқда.
Бугунги дунёда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик хавфсизликни таъминлаш ва рақамли технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этиш тоғ-кон саноатининг устувор вазифаларига айланди. Бу борада Ўзбекистоннинг амалга ошираётган ислоҳотлари, замонавий технологияларни жорий этишга бўлган интилиши ва ёш муҳандисларни халқаро стандартлар асосида тайёрлашга қаратаётган эътибори таҳсинга сазовордир.
Ишончим комилки, Фрейберг ва Навоий ўртасидаги илмий кўприк келгуси йилларда янада мустаҳкамланади. Бу ҳамкорлик нафақат янги илмий ишланмалар ва инновацияларни юзага чиқаради, балки икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ишончни ҳам янги босқичга олиб чиқади. Илм-фан, инновациялар ва халқаро ҳамкорликни устувор йўналиш сифатида давом эттираётган Янги Ўзбекистон шубҳасиз улкан марраларни забт этади.
Фрейбергдан Қизилқумгача чўзилган мазкур илм йўли менинг назаримда оддий ҳамкорлик эмас. Бу халқларни, энг аввало илм, ишонч ва эзгу мақсадлар бирлаштиришини тасдиқловчи ёрқин тимсолдир. Ана шу йўл келажак авлодлар учун ҳам мустаҳкам, барқарор ва илҳом бахш этувчи кўприк бўлиб қолишига чин дилдан ишонаман.
Карстен Дребенштедт,
Фрейберг кончилик академияси профессори.
ЎзА