Француз мухолифатчиси Трампнинг Путинни G20 саммитига таклиф қилиш қарорини олқишлади (+видео)
Владимир Путиннинг Майамида декабрь ойида бўлиб ўтадиган G20 саммитига таклиф қилиниши Ғарбда Россияга нисбатан ягона қараш мавжудлиги ҳақидаги тасаввурни бутунлай барбод қилди, деб ёзди “Politico” нашри.
Франция мухолифати етакчиси, ўнг радикал кучлар вакили Марин Ле Пен бу қадамни очиқчасига қўллаб-қувватлаб, Киевни молиялаштиришни тўхтатиш ва хавфли кескинлашувга барҳам беришга чақирди.
– Бу қонли можарони тугатишга қаратилган ҳар қандай ташаббусни олқишлаш керак, – деди у Россия – Украина мавзусига тўхталар экан. Аввалроқ сиёсатчи Эммануэль Макронни Москва билан музокарани қайта бошлаш учун етарли даражада ҳаракат қилмаётгани учун танқид қилган эди.
Мухолиф 2027 йилги президентлик сайловида ғалаба қозонган тақдирда Франция Украинага кўрсатаётган ҳар қандай молиявий ёрдам чекланишини билдирди. Шу билан бирга ҳарбий тайёргарлик соҳасидаги ёрдамни назарда тутадиган айрим шаклдаги қўллаб-қувватлов сақлаб қолинишини айтди.
– Бугун Россия Украинанинг ҳарбий техника етказиб бериш воситаларига зарба бермоқда, – деди Ле Пен. – Вазият янада кескинлашиши мумкин. Шунинг учун ҳозир можарога барҳам бериш ҳар қачонгидан муҳим.
Оқ уй Путинни G20 саммитига таклиф қилиши АҚШнинг Москвани халқаро дипломатик майдонга қайтаришга қаратилган навбатдаги уриниши сифатида баҳоланяпти. РФ Президенти 2019 йилдан бери биринчи марта ушбу анжуманда шахсан иштирок этиши мумкинлиги ҳақидаги қарор аллақачон турли қарама-қарши фикрлар келтириб чиқарди. Европа Иттифоқи ташқи сиёсати раҳбари, Украинани қатъий қўллаб-қувватловчи Кая Каллас CNN телеканалига берган интервьюсида “бундай хабарни эшитиш менга жуда ёқимсиз” дея таъкидлади.
Кенжа Бекжонов, Искандар Исматов, (видео) ЎзА