Франция ва Норвегия муддатидан аввал кейинги босқичга чиқди
Жаҳон чемпионатида навбатдаги плей-офф иштирокчилари аниқланди. Бугун эса Ўзбекистон терма жамоаси Португалияга қарши майдонга тушади.
Футбол бўйича XXIII Жаҳон чемпионатининг “I” ва “J” гуруҳларида иккинчи тур учрашувлари якунланди.
“J” гуруҳида Аргентина терма жамоаси Австрияни 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, 6 очко билан муддатидан аввал плей-офф йўлланмасини қўлга киритди. Австрия 3 очко билан иккинчи поғонада қолмоқда.
Гуруҳнинг яна бир учрашувида Иордания ва Жазоир терма жамоалари рақобатлашди. Учрашувда жазоирлик футболчилар 2:1 ҳисобида зафар қучди. Мазкур натижадан кейин Жазоир 3 очко билан кейинги босқич учун курашни давом эттириш имкониятини сақлаб қолди. Иордания эса ҳамон очкосиз қолмоқда.
Ушбу гуруҳда сўнгги тур баҳслари 27 июнь куни ўтказилади. Унда Аргентина – Иордания ҳамда Австрия – Жазоир жамоалари ўзаро баҳс олиб боради.
“I” гуруҳида Франция кутилганидек Ироқ устидан 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Норвегия эса муросасиз кечган баҳсда Сенегални 3:2 ҳисобида таслим этди.
Шу тариқа Франция ва Норвегия терма жамоалари плей-офф йўлланмасини нақд қилди. Гуруҳнинг учинчи тур учрашувлари 26 июнь куни бўлиб ўтади.
Бугун Жаҳон чемпионатида “K” ва “L” гуруҳлари иштирокида иккинчи тур ўйинлари ўтказилади.

Куннинг марказий баҳсларидан бири “K” гуруҳидаги Ўзбекистон ва Португалия терма жамоалари ўртасида кечади. Учрашув АҚШнинг Хьюстон шаҳридаги “Houston Stadium” аренасида Тошкент вақти билан соат 22:00 да бошланади.
Мазкур гуруҳнинг иккинчи ўйинида Колумбия ва Конго ДР терма жамоалари майдонга тушади. Беллашув 24 июнь куни соат 07:00 да старт олади.
“L” гуруҳида Англия – Гана (01:00) ҳамда Панама – Хорватия (04:00) учрашувлари бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА