Франция сув муаммосига дуч келмоқда(ми)?
Францияда кузги ёмғирларга қарамай, ерости сувлари захираси тикланмаяпти: кузатув нуқталарининг 66 фоизида сув сатҳи мавсумий меъёрдан паст, 81 фоизида эса пасайиш давом этмоқда. Мутахассислар вазиятни 2022 йилдаги кучли қурғоқчилик даври билан қиёсламоқда.
Мамлакат Геология ва кончилик тадқиқотлари бюросининг 8 октябрда эълон қилинган маълумотига кўра, 1 октябрь ҳолатида кузатув нуқталарининг атиги 7 фоизида сув сатҳи кўтарила бошлаган.
Бир йил аввал бу кўрсаткич анча яхши эди: 2025 йил октябрида нуқталарнинг 31 фоизида сув захираси меъёрдан паст бўлган. Ёзда қуриб кетган тупроққа ёққан дастлабки ёмғирлар асосан унинг устки қатламини намлашга сарфланмоқда, сувнинг ер ости захираларига етиб бориши эса секин кечмоқда.
Айниқса, ўлканинг марказий ва шарқий ҳудудларида сув сатҳи жуда паст. Ерости сувлари Францияда ичимлик сувининг қарийб учдан икки қисмини ва қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган сувнинг учдан биридан кўпроғини таъминлайди.
Захираларни тиклаш учун мунтазам ва мўл ёғингарчилик зарур, аммо қишда ёғинлар одатдагидан кўп бўладими-йўқми, ҳозирча аниқ эмас.
Мусулмон Зиё, ЎзА