Франция Маскни тергай бошлади
Илон Маск ва унга тегишли X платформаси Францияда жиддий ҳуқуқий босимга дуч келди.
Париж прокуратураси ижтимоий тармоқ ва миллиардернинг сунъий интеллект тизими “Grok” фаолияти юзасидан текширув расман жиноий иш даражасига кўтарилганини маълум қилди.
Фаранг терговчилари платформани болаларга нисбатан ноқонуний контент, жинсий хусусиятга эга “deepfake” тасвирлар, нохолис ахборот ва инсониятга қарши жиноий ҳолатларни ёқлайдиган материаллар тарқатишда гумон қилмоқда. Тергов марказида эса “Grok” чат-ботининг айрим постлари турибди.
Можаро "Grok" платформасининг интернетда кучли танқидга учраган жавобидан кейин авж олди. Чат-бот айрим фойдаланувчилар сўровига жавобан жинсий мазмундаги сохта тасвирлар тарқатган. Шунингдек, Освенцим лагери ҳақидаги баҳсли баёноти билан ҳам кескин реакция уйғотган. Кейинчалик тизим аввалги жавоблари нотўғри бўлганини тан олган.
Франция ҳукумати февраль ойида X тармоғининг Париж офисида тинтув ўтказган эди. Маск бу ҳаракатни “сиёсий ҳужум” деб атади. Шу билан бирга прокуратура Илон Маск ва компаниянинг собиқ раҳбари Линда Яккаринони сўроққа чақирган.Улар ҳозирча терговга келмаган. Пойтахт прокуратураси бу ҳолат иш жараёнига тўсқинлик қилмаслигини билдирди.
Мусулмон Зиё, ЎзА