Фотосуратлар божхоначиларнинг ўтмиши ва бугунидан сўзлайди
Сурхондарё вилояти божхона бошқармасида фотосуратлар ва архив материаллари жой олган маънавият ва маърифат бурчаги ташкил этилди.
Мўъжазгина сокин хона вилоятда божхона соҳасининг шаклланиши, тараққиёт босқичлари, турли йилларда бошқармага раҳбарлик қилган фидойи инсонлар, божхона постларининг кечаги ва бугунги қиёфаси, амалга оширилган ислоҳотлар, эришилган ютуқларни тарихий фотосуратлар ҳамда архив маълумотлари асосида унсиз ҳикоя қилади.

Бу ерда умрининг энг кучга тўлган даврини божхона хизматига бағишлаган, ўз меҳнати ва садоқати билан соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган жонкуяр ходимларга бағишланган кўргазмалар барчада катта қизиқиш уйғотади. Ваҳоланки, бугунги тинч, тўкин ҳаёт ва иқтисодий юксалишлар ортида юртимизнинг божхона сарҳадларида тунни кунга улаб хизмат қилган, ўз касбига садоқатини жасоратга тўла меҳнати билан ҳаётининг муҳим мезонига айлантирган мард, жасур ходимларнинг машаққатли меҳнати бор.

– Ҳар бир даврнинг ўз саҳифаси, ҳар бир ютуқнинг ортида инсон тақдири, фидокорона меҳнат ва авлодларга мерос бўлиб қоладиган қадриятлар мужассам бўлади, – дейди вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Шоҳрўз Ўралов. – Бу саҳифаларни асраб-авайлаш, кечаги кунни бугун билан боғлаш ва келажак авлодларга етказиш тарихий хотирага бўлган эҳтиромнинг муҳим мезони ҳисобланади. Шу маънода янги ташкил этилган маънавият масканимиз тарихий хотирани асраб, устозлар меҳнатини қадрлаш, авлодлар давомийлигини таъминлаб, ёш ходимларда касбий ғурур ва Ватанга садоқат туйғусини мустаҳкамлашдек эзгу ғояни илгари суради.

Божхоначиларнинг ўзига хос маънавият ва маърифат бурчагига айланган маскан соҳанинг вилоятдаги тарихи ва бугунини акс эттиргани билан барчага манзур бўлмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири