Форум қатнашчилари ички ишлар органлари фаолияти билан танишди
Самарқанд шаҳрида 20-21 апрель кунлари ўтказиладиган “Жамоат саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашиш” мавзусидаги глобал форумда иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган хорижий полиция тузилмалари делегациялари вилоят ички ишлар органлари фаолияти ҳамда йирик тадбирларда хавфсизликни таъминлаш ва мувофиқлаштириш ишлари билан яқиндан танишди.
Жумладан, Озарбайжон, Туркия, Беларусь, Қозоғистон, Афғонистон, Финляндия, Австрия, Франция ички ишлар вазирликлари вакиллари Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармасидаги “Вазиятлар маркази”да бўлди. Меҳмонлар марказнинг замонавий бошқарув ва назорат имкониятларига алоҳида эътибор қаратди.

Шу билан бирга, меҳмонларга ички ишлар органларининг кундалик фаолиятида қўлланилаётган махсус техникалар, қурол-аслаҳа ҳамда турли хизмат воситалари намойиш этилди.
Бундан ташқари, хорижий ҳамкорлар учун Самарқанд шаҳрида ва йирик туристик объектларда хавфсизликни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан махсус тақдимотлар ўтказилди. Тақдимотларда жамоат тартибини сақлаш, туристлар хавфсизлигини таъминлаш ва фавқулодда ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар батафсил ёритилди.

Жараёнда меҳмонлар мамлакатимизда жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо бериб, илғор тажрибани эътироф этди.

Шунингдек, келгусида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва тажриба алмашинувини изчил йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилди.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА