Форишликлар учун муносиб тўёна
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 33 йиллиги байрами арафасида Жиззах вилоятининг Фориш тумани “Эгизбулоқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида янгидан барпо этилган “Жиззах цемент” заводининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
“Цемент ишлаб чиқариш” лойиҳасининг фойдаланишга топширилиши муносабати билан ўтказилган ушбу маросимда Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Салиев сўзга чиқиб, барча тадбир иштирокчиларини энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги билан самимий муборакбод этди.
Тадбирда сўнгги йилларда Президентимиз томонидан тадбиркорликни ривожлантириш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, чет эл инвестициясини жалб қилиш орқали қўшимча қиймат яратиш борасида улкан ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Жорий йилнинг 20 август куни давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида мамлакатимиз ишбилармон доира вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказиб,тадбиркорликни янада ривожлантириш,бизнес муҳитини яхшилаш борасида муҳим асосий йўналишларни белгилаб берди.
– Бугунги кунда Фориш нафақат вилоятимизда, балки мамлакатимизда ҳам саноатлашган туманга айланиб бормоқда, – деди Жиззах вилояти ҳокими ўз сўзида. – Айни пайтда ушбу ҳудудда“Эгизбулоқ” саноат зонаси ташкил этилиб, саноат корхоналарини зарур инфратузилма билан таъминлаш борасида амалий ишларга алоҳида эътибор қаратилган.Туманда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва инвесторлар маблағлари ҳисобидан бир қанча замонавий саноат корхоналари бунёд этилаётганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш керак.
[gallery-18892]
Ушбу янги цемент ишлаб чиқариш лойиҳасининг қиймати 150 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, корхона тўлиқ ишга тушгач, йилиги 2 миллион тонна юқори сифатли, экспортбоб цемент ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, 450 нафар янги иш ўрини яратилади.
Мазкур лойиҳада дунёнинг энг сўнгги илғор энергия тежамкор технологиялари ҳисобланган, яъни ишлаб чиқариш линиясида юқори ҳароратли печдан атмосферага ажралиб чиқадиган иссиқлик ва зарарли газларни қайта ишловчи – “WHR – Waste Haed Recovery sistems” тизими ўрнатилганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.Бу эса ўз навбатида, ишлаб чиқариш заводининг экология ва атроф-муҳитга салбий таъсири олдини олиш учун хизмат қилишига ҳамда электр энергияси сарфини 30-35 фоизга қисқартиришга эришилганидан далолатдир. Завод – ички ва ташқи бозорларни рақобатбардош ва ҳамёнбоп цемент маҳсулотлари билан таъминлашга кўп йиллар хизмат қилиши, шубҳасиз.
Бугун ушбу лойиҳада қурилиш ишлари якунланиб, асбоб-ускуналар тўлиқ олиб келиб ўрнатилган ва лойиҳа доирасида 450 ва 500 маркали юқори сифатли цемент маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида Форишда бундай йирик саноат корхонасининг ишга тушгани халқимиз учун мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллиги тўйига ажойиб тўёна бўлди десак, асло муболаға бўлмайди.
Тантанали очилиш маросимида меҳнат фахрийлари, вилоят ва Фориш тумани ҳокимлиги, секторлар, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, жамоатчилик ва оммавий ахборот вочиталарининг вакиллари иштирок этди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари