Форишда янги меҳмонхона иш бошлади
Жиззах вилоятининг Фориш тумани маркази Боғдон шаҳарчасида янги замонавий меҳмонхона қуриб битказилди.
Жиззах вилоятининг Фориш тумани маркази Боғдон шаҳарчасида янги замонавий меҳмонхона қуриб битказилди.
Туманда туризмни ривожлантириш дастури доирасидаги лойиҳалардан бири бўлган янги меҳмонхонани «Мустақиллик» фирмаси ишга туширди. Туман ҳокимлиги балансидаги бўш бинони «ноль» қийматда олган фирма уни қайта қуриб, замонавий икки қаватли замонавий меҳмонхонага айлантирди.
Янгича меъморий услубда бунёд этилган меҳмонхона 80 ўринли бўлиб, хоналари замонавий мебеллар билан жиҳозланиб барча қулайликлар яратилган. Меҳмонхона таркибида 44 ўринли ресторан ҳам ишга туширилди.
Боғдон шаҳарчасининг қирга туташ баландлик қисмида жойлашган меҳмонхонадан туман маркази ва атрофдаги қишлоқлар манзараси яққол кўриниб туради.
Туркистон тоғларининг Қизилқум чўлига, Айдар-Арнасой кўлларига туташ қисмида жойлашган Фориш тумани табиати мамлакатимизнинг экосайёҳларни жалб этадиган ҳудудларидан ҳисобланади. Кейинги йилларда сайёҳларга Нурота тоғлари бағридаги қишлоқларда, кўл соҳилида барпо этилган ўнлаб меҳмон уйлари, кемпинглар хизмат кўрсатиб келаётир. Туман марказида замонавий меҳмонхона ҳам ишга тушиши сайёҳларга яна бир катта қулайлик яратди.