Форишда анъанавий таомлар маскани қад ростлади (+видео)
Жиззахнинг сўлим ва бағри кенг Фориш тумани бугун нафақат бетакрор табиати, балки миллий қадриятларни асраб-авайлашга қаратилган эзгу ташаббуслари билан ҳам эътибор қозонмоқда. Айниқса, туманда гастрономик туризмни ривожлантириш, халқимизнинг асрлар қаъридан етиб келаётган миллий таомларини кенг тарғиб қилиш борасидаги ишлар ҳудуднинг янги қиёфасини намоён этяпти.
Ана шундай хайрли ташаббуслардан бири Фориш туманининг “Нурак” маҳалласида қад ростлаган анъанавий таомлар масканидир. Вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоев ташаббуси билан барпо этилган мазкур мажмуа миллий таомларимиз, хусусан, қадимий гўжа тайёрлаш анъанасини замонавий сервис билан уйғунлаштиргани билан аҳамиятлидир.
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 18 июлда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида туризм инфратузилмасини яхшилаш ва хорижий туристлар оқимини янада оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида ички ва гастрономик туризмни ривожлантириш, миллий туризм брендини шакллантириш ҳамда ҳудудларда сайёҳлар учун жозибадор масканлар ташкил этиш устувор вазифа сифатида белгиланган. Форишда ҳаётга татбиқ этилган мазкур лойиҳа ана шу эзгу мақсадларнинг амалий ифодаси бўлмоқда.
Бир муддат муқаддам Фориш туманида бўлган Жиззах вилояти ҳокими ҳудуднинг бой туристик имкониятларини чуқур ўрганиб, миллий таомлар орқали сайёҳларни жалб қилиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва хизматлар соҳасини кенгайтириш бўйича мутасаддиларга аниқ вазифалар белгилаб берган эди. Қисқа фурсатда бу ташаббус амалий натижага айланиб, Нурак маҳалласида миллий руҳ ва замонавийлик уйғунлашган гўзал маскан бунёд этилди.
Мажмуанинг ташқи қиёфасида халқимизнинг бой меъморий анъаналари мужассам бўлган. Айвонлари миллий нақшлар, ҳунармандчилик безаклари билан зийнатланган. Шунингдек, табиат билан уйғунлашган муҳит меҳмонларда илиқ таассурот уйғотади. Энг муҳими, бу ерда санитария-гигиена талаблари, хизмат кўрсатиш маданияти ва замонавий сервис тўлиқ йўлга қўйилган.
Бу масканнинг энг катта файзи халқимизнинг энг қадимий таомларидан бири гўжададир. Мазкур таом нафақат халқимизнинг севимли миллий неъмати, балки ўзбекона меҳмондўстлик тимсоли сифатида ҳам қадрланади. Форишга ташриф буюраётган маҳаллий ва хорижий меҳмонлар бу ерда миллий таомлар орқали халқимизнинг қадриятлари ва меҳр-оқибатини юракдан ҳис этишмоқда.
Масканнинг очилиш маросими эса ҳақиқий миллий байрамга айланди. Нуронийлар дуоси, ёшлар шодиёнаси, миллий куй-қўшиқлар ва қадимий урф-одатлар тадбирга алоҳида файз бағишлади. Айниқса, хорижий меҳмонларнинг ўзбек миллий таомларига бўлган қизиқиши йиғилганларда фахр ва ифтихор туйғусини уйғотди.
Эътиборлиси, бу каби масканлар нафақат сайёҳлар оқимини кўпайтирмоқда, балки миллий таомларимиз, урф-одат ва қадриятларимизнинг умрини узайтиришга ҳам хизмат қилмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари