Форишда 33 минг аҳолига мўлжалланган шаҳар барпо этилмоқда
Президент ташаббуслари – амалда
Фориш тоғлар бағрида, кенг очиқликлар билан туташган ўзига хос ҳудуд. Жиззах вилоятининг қарийб ярмини эгаллайдиган бу туманда Нурота тоғларининг қояли ёнбағири, тоғолди адирлари ва чўлсимон кенгликлар бир-бирига туташиб кетади. Бу ернинг табиати ҳам, манзараси ҳам бошқа ҳудудлардан фарқ қилади.
Бугун эса Форишнинг ана шу кенгликларида табиий манзарага янги бир муҳит қўшилмоқда. Тоғлар бағрида ҳозирча баланд бинолар эмас, қурилиш майдонлари кўзга ташланади. Аммо бу ердаги ишлар оддий қурилиш объектидан анча катта. Бугун у ерда янги шаҳарнинг пойдевори қўйилмоқда.
Бир томонда Ўзбекистондаги биринчи интеграциялашган атом электр станцияси қурилаётган бўлса, унинг ёнида қарийб 33 минг киши яшайдиган замонавий шаҳар қуриляпти.

2 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёевга Жиззах вилоятида интеграциялашган атом электр станцияси ҳамда унга ёндош замонавий шаҳарча барпо этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдимот қилинди. Лойиҳага кўра, атомчилар шаҳарчаси 200 гектар майдонда жойлашади. Бу ерда қарийб 33 минг аҳоли учун 10 мингга яқин хонадон қурилади. Уй-жойларни қуришда замонавий иссиқлик изоляцияси, муқобил энергия манбалари ва “ақлли” ёритиш тизимларидан фойдаланиш кўзда тутилган.
Шаҳарнинг ўзига бундай кенг кўлам берилаётгани бежиз эмас. АЭС каби мураккаб технологик объектнинг ишлаши унинг ёнидаги бинолар билан эмас, аввало, одамлар билан боғлиқ. Муҳандис, оператор, техник ходим, радиация хавфсизлиги бўйича мутахассис йиллар давомида шу ерда ишлайди. Уларнинг оиласи ҳам шу ҳудудда яшаши учун мактаб, тиббиёт, хизмат кўрсатиш ва бошқа зарур шароитлар бўлиши керак.
АЭС қурилиши дирекцияси раҳбари Абдижамил Калмуратов шаҳарчанинг айнан шу жиҳатига алоҳида эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, мазкур ҳудудга шунчаки вақтинчалик вахта посёлкаси сифатида қараб бўлмайди. Бу ерда юқори малакали мутахассислар ўз оилалари билан фаровон истиқомат қилишлари учун барча қулайликлар ва мукаммал инфратузилма яратилади.
Шаҳар одамлар учун қурилаётган экан, унинг хавфсизлиги масаласи ҳам биринчи ўринга чиқади. Айниқса, гап атом энергетикаси объекти ёнида барпо этилаётган янги аҳоли пункти ҳақида кетар экан, бу талаб янада муҳим.
Шу мақсадда Ўзбекистонда АЭС майдонини ташқи таъсирлар нуқтаи назаридан баҳолаш бўйича 2023 йилда МАГАТЭ миссияси ўтказилган.
– Шаҳарчанинг биринчи босқичи 50 гектарга мўлжалланган бўлиб, 10 мингта аҳолига мўлжалланган, – дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзатом агентлиги директори Азим Аҳмедхўжаев. – Ундан ташқари, ташқи муҳандислик инфратузилмалари, яъни сув олиб келиш, электр тармоқлари, йўл ва темир йўл қурилишининг ҳаммаси бўйича Президентимизга ҳисобот киритдик. Давлатимиз раҳбари томонидан ҳар доимгидек берилган жиддий топшириқлар бу сифат, муддат ва хавфсизликдир. Ушбу учта тамойилни инобатга олган ҳолда, ишимизни амалга оширамиз. Биринчи босқични эса 2029 йилга мўлжаллаяпмиз. Унда биринчи блок, яъни 55 мегаваттли биринчи босқич ишга туширилади. Яна олти ойдан сўнг иккинчисида ҳам яна 55 мегаваттли блок ишга тушади. Жами 110 мегаватт қувват бўлади.
Бу рақамларнинг ортида яна бир жараён ҳудуд иқтисодиётининг ҳаракатга келиши турибди. Янги йўл, тармоқ ва қурилишлар станциянинг эҳтиёжини қоплаш билан бирга, маҳаллий тадбиркорлар учун ҳам янги буюртмалар ва бозор пайдо қилади.
Масалан, ҳозир станция қурилишида маҳаллий маҳсулот улуши 21 фоиз атрофида. Уни камида 30 фоизга етказиш, қурилиш-монтаж ишларининг 65 фоизини миллий корхоналар бажариши ва 7 минг нафар маҳаллий ишчи-мутахассисни жалб этиш вазифаси қўйилган.

Бунинг учун Форишнинг ўзида ишлаб чиқариш имкониятини кенгайтириш режалаштирилмоқда. Туманда 200 гектар майдонда қурилиш материаллари саноат зонасини ташкил этиш, бу ерда камида 100 та қўшма корхона жойлаштириш ва технологиялар трансфери орқали 15 та йўналишда маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш кўзда тутилган. Шундай қилиб, станцияга керак бўладиган маҳсулот ва хизматнинг бир қисми маҳаллий корхоналар ҳисобидан таъминланиши, қурилиш жараёни эса ҳудудда янги ишлаб чиқариш занжирларини пайдо қилиши кутилмоқда. Яъни АЭС учун барпо этилаётган инфратузилма вақт ўтиши билан Фориш иқтисодиётининг ҳам бир қисмига айланиши мумкин.
Бинобарин, янги уй, завод ва йўлларнинг ўзи шаҳарни шакллантирмайди. Унинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи одамлар. Айниқса, атом энергетикаси каби юқори малакали кадр талаб қиладиган соҳада бу масала олдиндан ҳал этилиши зарур. Шу боис АЭС учун мутахассис тайёрлаш ишлари ҳам бошланган. Муҳандис, оператор, радиация хавфсизлиги бўйича мутахассислар тайёрланмоқда. Маълумотга кўра, Россия миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкент филиалини 2023 йилдан буён 216 нафар талаба битирган. Уларнинг 83 нафари Хитой, Венгрия, Франция, Италия ва Жанубий Кореяда магистратура ва докторантурада таҳсилни давом эттирмоқда. Яна 100 нафар мутахассис Ўзбекистондаги тўртта олий таълим муассасасида тайёрланмоқда.
Атом энергетикаси соҳасида қарийб 1 мингта тармоқ стандартини миллий тизимга мослаштириш вазифаси белгилангани ҳам шу жараённинг бир қисми. Гап бу ерда фақат кадрлар сони ҳақида эмас, уларнинг малакаси, ишлаш тартиби ва хавфсизлик талабларига жавоб бериши ҳақида кетмоқда.
Бунинг натижаси, аввало, Форишдаги меҳнат бозорида кўринади. Қурилиш даврида минглаб ишчи ва мутахассис жалб этилади. Кейин эса станциядан фойдаланиш, техник хизмат кўрсатиш, хавфсизлик, таълим, тиббиёт ва коммунал хизматлар каби соҳаларда доимий иш ўринларига эҳтиёж пайдо бўлади.
Шу билан бирга, шаҳар аҳолиси кўпайиши хизмат кўрсатиш соҳасини ҳам кенгайтиради. Дўкон, умумий овқатланиш, маиший хизмат, транспорт ва бошқа йўналишларда янги талаб пайдо бўлиши табиий. Бу эса АЭС ва атомчилар шаҳарчасининг таъсири станция ҳудудидан анча узоққа тарқалишини ҳам англатади.
Бугун Форишда оғир техника ҳаракатланаётган қурилиш майдонини кўриш мумкин. Аммо бу майдон ортида анча катта манзара турибди. Шунинг учун Форишдаги лойиҳани фақат атом электр станцияси қурилиши деб баҳолаш тўлиқ манзарани гавдалантирмайди. Бу ерда станция билан бир вақтда унинг атрофида яшаш, ишлаш ва ишлаб чиқариш учун зарур бўлган бутун бир муҳит шаклланмоқда. Унинг келажакдаги қиёфасини эса қурилаётган бинолар эмас, ана шу муҳитнинг одамлар ҳаёти ва ҳудуд иқтисодиётига қандай таъсир қилиши белгилайди.
Дилшод ҲАКИМОВ,
ЎзА