Фориш адирларида узумзорлар барпо этилмоқда
Шу мақсадда зич қатор усулида ток қаламчалари экилди. Биринчи йили ток қаламчаларини суғориш, парваришлаш осон бўлиши учун шу усул қўлланилмоқда.
Ҳар йили йилнинг шу фаслида ўт-ўланлар қовжираб атроф оч жигарранг тусга кирадиган Фориш туманининг жанубий Қизилқум ва Нурота тоғ тизмалари туташган адирликларида яшил майдонлар пайдо бўлди. Бу туманнинг лалмикор ҳудудларида барпо этилган янги токзорлардир.
Президентимизнинг 2020 йил 11 майдаги «Республика ҳудудларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори мувофиқ Жиззах вилоятининг Фориш туманида 2020 – 2022 йиллар давомида 12 минг 108 гектар ер майдони боғдорчилик ва узумчиликка ихтисослаштирилади.
Бу узумзорларнинг 11 минг 373 гектари Жиззах-Фориш автойўлининг икки ёнидаги Меҳнатобод, Боғдон, Хонбанди фуқаролар йиғинлари таркибидаги қишлоқлар ҳудудидаги адирлар бағрида барпо этилмоқда.
Айнан шу ҳудудларнинг узумчиликка ихтисослашувни бежиз эмас. Туркистон тоғининг Нурота ва Писталитоғ оралиғига бу адирларда қуёш чиққандан то ботгунча нур тўкиши туфайли қадимдан ўзининг сершира узуми, Боғдоннинг қора кишмиши билан машҳур бўлиб келган. Бу иҳтисослаштирув ана шу географик, тупроқ-иқлим шароитлари, аҳолининг тарихий тажрибаси, анъана кўникмалар ҳисобга олиниб амалга оширилмоқда.
Айни шу омиллар туфайли Хонбанди маҳалласи ҳудудида узумчилик, боғдорчилик, ва сабзавотчиликка ихтисослашган «Лаззат-Кафолат» ва «Фориш Агро Нурафшон» агрокластерлари ташкил этилди. Кластерлар томонидан шу йилнинг ўзида 370 гектар майдонда узумзор яратилмоқда.
Шу мақсадда зич қатор усулида ток қаламчалари экилди. Биринчи йили ток қаламчаларини суғориш, парваришлаш осон бўлиши учун шу усул қўлланилмоқда. Келгусида анча бақувватлашиб қолган кўчатлар янги майдонларга ўтқазилиб қатор оралари сийраклаштириш орқали узумзорлар кенгайтирилади.
Бу адирлар чорва моллари боқишда фойдаланиб келингани тупроғи табиий унумдор. Шунинг учун ток ўтқазилган қаламчалар бехато кўкариб, яхши ривожланаётир. Бундан ташқари, қатор ораларига экилган сабзавот, полиз, дуккакли экинлар ҳам баравж. Адирларнинг яшил тусга киргани сабаби шундан.
– Президентимиз томонидан яратиб берилган имкониятлардан фойдаланиб Учқулоч адирларида 500 гектар ерни ўзлаштириб узумчилик, сабзавочилик, полизчиликни йўлга қўйдик, – дейди “Lazzat kafolat” кластери раҳбари Раҳмат Нарзиев. – Ток кўчатлари орасини қишлоқдаги ёшларга фойдаланишлари учун ажратиб бердик. Бундан ташқари, 130 гектар ерда помидор етиштираётирмиз. Томат цехимиз бор. Ўтган йили хорижга 470 минг долларлик 170 тонна томат пастаси экспорт қилган эдик. Бу йил ишлаб чиқаришни яна кенгайтириб, экспорт ҳажмини яна оширамиз.
Кластер узум ҳосилга кирганга қадар вино заводини ҳам ишга тушириш устида ҳам иш олиб бораётир. Шунингдек, узум қуритишни йўлга қўйиб, Форишнинг машҳур қора кишмиш майизини экспортга чиқариш ҳам яқин келажакдаги режадан ўрин олган.
Ишлаб чиқаришнинг кенгайиши эса иш ўринларининг кўпайишига олиб келади. Кластерда 800 та янги иш ўрни яратиш мўлжалланаётир.
Туманинг барча ҳудудларида қишлоқ хўжалигини ихтисослаштириш орқали маҳсулот етиштиришни кўпайтиришга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда. Асосий мақсад аҳолининг тирикчиги фақат чорвачилик, асосий муаммо ишсизлик бўлган ҳудудда энди барча тармоқларни ривожлантириш орқали барчани иш билан таъминлаш ҳаракати давом этмоқда. Бу ҳудудда камғалликни қисқатиришнинг энг ишончли йўли эканлигини дастлабки самаралар ҳам кўрсатиб турибди.