Физика фанини ўқитишда муаммо ва ечимлар
Навоий давлат педагогика институти ҳамда “Science and innovation” халқаро илмий журнали ҳамкорлигида физика фанини ўқитишдаги муаммо ва ечимларга бағишланган халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Унда физика фанини замонавий ахборот ва инновацион технологиялар муҳитида ўқитишнинг муаммо, ечимларини ўрганиш, талабаларга замонавий ўқитиш усулларини таништириш, шунингдек, физика фанининг назарияси ҳамда амалиёти ўртасидаги чекланувчанликларни камайтириш учун ҳамкорликни ривожлантириш, инновацион технологияларни самарали қўллаш ва ўқитиш усулларини ривожлантириш каби масалаларда сўз юритилди.
– Бугунги кунда педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларида бўлажак ўқитувчиларни тайёрлашнинг инновацион моделларини ишлаб чиқиш, талабаларнинг амалий компетентлигини ривожлантиришнинг методик тизимини такомиллаштиришга катта эътибор қаратилмоқда, – дейди институт ректори Баҳодир Собиров. – Айниқса, аниқ ва табиий фанлар бўйича педагог кадрларни тайёрлашда амалиётга йўналтирилган таълим жараёнларига эътибор бериш, таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш орқали ўқитиш сифати ва самарадорлигини оширишнинг педагогик механизмини такомиллаштириш муҳим долзарблик касб этади. Айниқса, кредит-модуль тизими шароитида бўлажак педагогларда мустақил таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, талабаларда табиий-илмий саводхонликни ривожлантиришга тайёрлашнинг дидактик тизимини такомиллаштириш лозим.
Маълумки, юртимизда қабул қилинган таълим тизимида академик лицейларга муҳим ўрин берилган. Унинг ўқувчилари фаннинг бирор йўналиши бўйича чуқур билим билан бирга, муайян соҳада касб-ҳунар малакасини олиши лозим.
[gallery-17090]
– Белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун ўқитиладиган фанларнинг турлари ва ҳажмларидан ташқари, уларнинг ўқитиш услубларига ҳам катта эътибор бериш керак, – дейди Ўзбекистон Миллий университети профессори, педагогика фанлари доктори Мирзааҳмад Қурбонов. – Академик лицейларнинг аниқ фанлар йўналиши нисбатан бой мазмунга ва ҳажмга эга бўлган умумий физика курсини ҳамда физикадан махсус курсларни ўқитишни кўзда тутади. Таълим юқорироқ босқичларга ўтгани сари билимларнинг бу икки тури орасидаги нисбат динамик узилувчи ягона ахборотнинг кўпайиши ҳисобига ўзгара боради. Физика чуқурлаштириб ўқитиладиган академик лицейларнинг аниқ фанлар йўналишидаги гуруҳларида махсус курсни ўқитиш учун ўқув режада 72 соат ажратилган. Мана шу соатдан самарали фойдаланиш мақсадида махсус курснинг ўқув ва ишчи дастурлари давлат таълим стандартлари асосида тузилди. Ва унга мос ҳолда ноанъанавий тарзда ўқув адабиёти ҳам ишлаб чиқилди. Биз таклиф қилаётган махсус курс бўйича илк бор “Лазерлар ва уларнинг амалиётдаги ўрни” номли ўқув қўлланма яратилди. Ўқув қўлланма тўрт бобдан иборат бўлиб, у мавжуд ўқув қўлланмалардан тузилиши, мазмун ва моҳияти жиҳатидан фарқли равишда ноанъанавий ўқитиш методлари асосида ёзилган. Ҳар бир мавзуда ёритилиши лозим бўлган фундаментал физик тушунчаларга алоҳида урғу берилиб, уларнинг глоссарийлари яратилган.
Конференцияда нафақат юртимиздан, балки Ҳиндистон, Малайзия ва Хитой давлатидан ҳам олимлар иштирок этишди.
Конференцияга қабул қилинган ҳар бир мақола бир нечта халқаро базаларда индексланди. Жумладан, Польшанинг Index Copernicus, Европанинг Zenodo ҳамда Open Aire, Россиянинг Cyberleninka, Англиянинг Europub базаларига жойлаштирилди ва Google akademiya илмий қидирув тизимида индексланди. Мақолаларнинг халқаро базаларда индексланганлиги, аввало, улардан дунёнинг кўплаб давлатларидаги илмий тадқиқотчилар фойдаланишига имкон яратса, иккинчидан, институтнинг халқаро рейтингини, қолаверса, халқаро ҳамжамиятдаги ўрнини янада оширишга замин яратади.
Конференцияда иштирокчилар шуъбаларга бўлинган ҳолда иш олиб боришди. Тадбир сўнггида физика фанини ўқитишда инновацион технологияларни самарали қўллаш ва ўқитиш усулларини ривожлантириш бўйича устувор йўналишлар ва вазифалар белгиланиб, хорижий давлатлар олимлари ва мутахассислари билан ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олинди.
А.Бўриев, С.Аслонов(сурат), ЎзА мухбирлари