Фитосанитар хавфсизлик бўйича халқаро тажриба ўрганилди
Сирдарёда Латвия мутахассислари иштирокида ўтказилган халқаро ўқув-амалий семинарда ўсимликлар карантини, экспорт талаблари ва фитосанитар назоратнинг замонавий усуллари муҳокама қилинди.
Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташқи бозорларга экспорт қилишда фитосанитар хавфсизлик талабларига риоя этиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Ана шу йўналишдаги халқаро тажрибаларни ўрганиш, мутахассисларнинг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида Сирдарё вилоятида “Ўсимликлар карантини, текшириш дастури ва Европа Иттифоқи мамлакатларига мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш талаблари” мавзусида халқаро ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги ҳамкорлик доирасида ташкил этилган тадбирда Сирдарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси давлат фитосанитар назорати инспекторлари, соҳа мутахассислари ҳамда Латвия Республикасининг ўсимликларни ҳимоя қилиш хизмати экспертлари иштирок этишди.
Семинар давомида иштирокчиларга Европа Иттифоқи мамлакатларида амал қилаётган фитосанитар талаблар, экспортга мўлжалланган мева-сабзавот маҳсулотларини текшириш тартиби, намуна олиш жараёнлари, зараркунандалар мониторинги ва назорат тизими ҳақида батафсил маълумот берилди.

Латвия давлат ўсимликларни ҳимоя қилиш хизмати экспертлари Гунита Шкупеле, Агита Пенсе ва Лига Гришане томонидан тақдим этилган маърузаларда маҳсулотларни халқаро стандартлар асосида экспортга тайёрлаш, фитосанитар ҳужжатларни расмийлаштириш ва замонавий назорат механизмларидан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирнинг амалий қисми Сирдарё вилоятидаги мева боғларида ташкил этилди. Унда мутахассислар экспортбоп маҳсулотларни кўрикдан ўтказиш, зараркунандаларни аниқлаш, намуналар олиш ва фитосанитар назорат жараёнларини амалиётда ўргандилар.

— Бундай ўқувлар соҳа мутахассислари учун халқаро тажрибаларни ўрганиш, замонавий ёндашувларни ўзлаштириш ва иш жараёнига татбиқ этишда муҳим аҳамиятга эга. Бу эса ҳудудда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифатини ошириш ва экспорт имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади, — дея таъкидлади Сирдарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи ўринбосари Сарвар Саъдуллаев.
Семинар якунида фаол иштирок этган тингловчиларга малака оширганликни тасдиқловчи сертификатлар топширилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири