Фирибгарликнинг навбатдаги қурбонлари
Хорижда ишлаш орзуси кўплаб юртдошларимиз учун муносиб даромад топиш ва оиласи фаровонлигини таъминлаш имконияти сифатида қаралади. Бироқ ана шу орзу ва ишончдан ўз манфаати йўлида фойдаланадиган фирибгарлар ҳам учраб турибди. Улар турли ёлғон ваъдалар, сохта таниш-билишлар ва ишончли кўринадиган гаплар орқали одамларнинг маблағларини қўлга киритишга уринмоқда. Бу эса фуқаролардан ҳар қандай таклифга ишониб кетмасдан, унинг қонунийлигини синчиклаб текширишни талаб этади.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бухоро вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув давомида ана шундай навбатдаги фирибгарлик ҳолати фош этилди.
Аниқланишича, фуқаро Б.Р. уч нафар фуқаронинг ишончига кириб, уларни Германияга ишга юборишини ваъда қилган. У ўзини гўёки кўп йиллардан буён Германияда меҳнат қилиб келаётган, юқори лавозимларда фаолият юритувчи танишлари орқали ишга жойлаштириш имкониятига эга шахс сифатида таништирган. Ана шу сохта ваъдалар ва ишонч уйғотувчи гаплар орқали у жабрланувчилардан жами 19 минг 800 АҚШ доллари ҳамда 2 миллион сўм маблағни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан мазкур ҳолат атрофлича ўрганилиб, унга ҳуқуқий баҳо берилди. Ҳозирги кунда ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 28, 211-моддалари (пора беришга далолат қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Бу воқеа яна бир бор шуни кўрсатадики, хорижда ишлаш билан боғлиқ масалаларда фақат расмий ва лицензияга эга ташкилотлар хизматидан фойдаланиш зарур. Катта даромад ва тезкор ишга жойлаштириш ҳақидаги жозибали ваъдалар ортида кўпинча фирибгарлик яширинган бўлиши мумкин.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири