Фириб тузоғи айбдорларнинг ўзини чоҳга қулатди
Фирибгар ва товламачилар шундай манфур кимсаларки, бировнинг мулки ёки маблағига эга чиқиш йўлида ҳеч нарсадан тап тортмайди. Жабрланувчиларни чув тушириш учун минг бир хил “сценарий”ларни ўйлаб топади. Қилмишининг моҳиятини англаб етса-да, вақти-соати келиб тортилиши муқаррар бўлган қонуний жазо ҳам кўзига кўринмайди. Суднинг қора курсисига ўтирганда эса...
Мирзаобод туманида туғилган Жаҳонгир Норқулов ҳам бундан 5-6 йил муқаддам Қўрғонтепа туманида яшовчи Шуҳрат Мирзаев, Муроджон Зуҳридинов, Улуғбек Ғуломов, зоминлик Даврон Жўраев ва Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи Мубиниддин Бобохонов билан бирга уюшган гуруҳ тузади. Сўнг мазкур гуруҳ аъзолари жиддий муаммоси бор фуқароларни топиб, уларга Жаҳонгирни давлат раҳбарининг қариндошларига яқин инсон сифатида кўрсатган ҳолда барча масалаларини ҳал қилиб бериши учун унга рўбарў қилишга келишиб олишади.
Гап шундаки, Ж.Норқулов илгари тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб юрган пайтида андижонлик Муҳаммаджон Жўрабоев билан танишиб қолганди. Ўшанда М.Жўрабоев вилоятдаги йўл қурилиши сохаси ташкилотларини зарур хом ашё билан таъминлаб келарди. Бинобарин, Жаҳонгир уюшган гуруҳ ташкил қилгач, Ш.Мирзаев ва М.Зуҳридиновлар орқали дастлаб Муҳаммаджонни нишонга олади. Яъни уни Асака туманидаги “Кўприклардан мунтазам фойдаланиш” унитар корхонаси раҳбари лавозимига ишга жойлаштириб қўйишини айтиб, 25.000 АҚШ доллари талаб қилади. Бироқ М.Жўрабоев хадеганда бунча пулни бера олмайди. Шунинг учун Муроджон Зуҳридинов, Улуғбек Ғуломов ва яна Бобур исмли йигит Муҳаммаджонни Хонобод шаҳридаги дала ҳовлига – Жаҳонгир ва Шуҳратнинг ҳузурига олиб келишади.
-Сизнинг ишингиз бўйича вилоят ҳокими билан гаплашдим. Мана, ишонмасангиз эшитиб кўришингиз мумкин,-деб Ж.Норқулов уяли телефонига ёзиб олинган, Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов билан ўртасидаги суҳбатни қўйиб эшиттиради.
Телефондаги суҳбатда Жаҳонгир ўзининг Зомин туманидан, яъни давлат раҳбарининг қариндошларига яқин инсон эканлигига ишора қилиб, вилоят автомобил йўллари бош бошқармаси бошлиғи Тўлқинжон Қораевга ўзини қабул қилиши ҳақида кўрсатма беришини сўрагани ёзиб олинганди. Т.Қораев билан эса у гўёки М.Жўраевни янги лавозимга тайинлаш масаласида гаплашганини билдиради. Шунга қарамай, Муҳаммаджон пулни иш битганидан кейин беришини айтади. Унинг осонликча бўйин эгмаганидан аччиқланган Ж.Норқулов ва ҳамтовоқлари очиқчасига товламачилик йўлига ўтишади.
-Агар сўраган пулимизнинг ўн минг долларини олдиндан бермасангиз, ўзингизга ҳам, оила аъзоларингизга ҳам яхши бўлмайди. Оилангиз билан бирга ҳаётингизни хавф остига қўйманг,-дея таҳдид қилишади улар.
Албатта, Муҳаммаджон ўзидан кўра ҳам аёли ва бола-чақасининг хавфсизлигини ўйлаб, қўрқиб кетади. Шу боис ноиложликдан “Каптива” русумли автомашинасини 10.000 АҚШ долларига сотиб, пулини Шуҳрат Мирзаевга беради. Шуҳрат эса пулни Жаҳонгирга топширади. Ж.Норқулов бўлса бунинг эвазига кайфу сафо қилади, ўз эҳтиёжларини қондиради.
Орадан бир йил ўтгач – 2022 йил декабрь ойида Жаҳонгир, Шуҳрат ва Даврон тадбиркор Д.Дадабоевни чув туширишади. Маълум бўлишича, бу тадбиркор йигит хориждан республикамизга поезд ва вагонлар учун эҳтиёт қисмлари олиб келиш билан шуғулланарди. Суҳбат аввалида Ж.Норқулов унга ҳам ўзини Президент оиласига яқин шахс сифатида кўрсатади. Сўнгра “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти мансабдорлари орқали 280 миллиард сўмлик эҳтиёт қисмларни харид қилиш юзасидан шартнома имзолатиб беришини айтади.
-Фақат бунинг ўзига яраша харажати бор,-дейди у.
Жаҳонгир шундай дея беш-олти қисмга бўлиб Д.Дадабоевдан жами 119.500 АҚШ долларини олади. Бироқ берган ваъдасини бажармай, гумашталари билан бирга пулларни жиғилдонга уришади. Қолаверса, улар Д.Дадабоевга Даврон Жўраевнинг 2020 йилда ишлаб чиқарилган “Toyota Land Cruiser 200” русумли автомашинасини 75.000 АҚШ долларига сотишларини айтиб, бунинг учун ундан 45.000 АҚШ долларини олишади. Лекин машинани бермай лафзсизлик қилишади. Боз устига олган пулларини ҳам қайтаришмайди.
Буни қарангки, фирибгарлар Россия Федерацияси фуқароси бўлган ишбилармон В.Алиевни ҳам аврашади. Аниқроғи, Ж.Норқулов унга ҳам ўзининг Зомин туманидан эканлигини айтиб алдайди. Кейин эса В.Алиевга кўп қаватли уйларни қуриш учун Янги Тошкент массиви ҳудудидан бўш ер майдонини олиб беришга ваъда қилади.
-Аммо рухсатнома олиш ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштириш учун юз минг доллар сарфлаш керак,-деб ёлғон гапиради.
Бунга ишонган В.Алиев эса олдиндан 40.000 АҚШ долларини унга санаб беради.
Бундан ташқари, 2025 йилнинг февраль ойида Хоразм вилоятида яшовчи фермер О.Раҳимбоев ҳам Жаҳонгир, Мубиниддин ва бошқа фирибгарларнинг тузоғига илинади. Чунки Ж.Норқулов унга ўзини аввалги усулда таништириб, Гурлан туманидаги “Римбой фаранг” фермер хўжалиги ерларини қайтариб олиш юзасидан кечаётган низоли суд ишини Олий судда ишловчи мансабдор танишлари орқали ҳал этиб беришини айтиб, аврайди. Бу ҳам етмагандек, Хоразм вилояти ҳокимлиги мансабдорлари билан гаплашган ҳолда тумандаги “Ўрол қурол” фермер хўжалигини пахтачиликдан шоличиликка ихтисослаштириб беришини оғиз тўлдириб ваъда қилади. Бинобарин, иккала масаланинг ечими учун О.Раҳимбоевдан жами 58.000 АҚШ долларини олади. Фермерни ишонтириш учун бир-икки марта Урганчга боради. Ҳатто вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов билан учрашади ҳам. Вилоят раҳбари эса айни масала қонун доирасида ҳал қилинишини айтади. Аммо фермер хўжаликларига тааллуқли масалалар ҳал бўлмайди. О.Раҳимбоев берган пулларига куйиб қолаверади.
Гап шундаки, Россия Федерацияси фуқароси В.Алиев алданганини англаб етгач, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилади. Биргина ана шу мурожаат кетидан уюшган гуруҳнинг барча кирдикорлари фош этилиб, тилга олинган ҳолатлар бўйича жиноят иши қўзғатилади. Суд Ж.Норқулов, Ш.Мирзаев, М.Зуҳридинов, У.Ғуломов, Д.Жўраев ва М.Бобохоновларни Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан айбдор деб топиб, турли муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум этди. Шунингдек, судланувчилардан жабрланувчилар етказилган зарарларни ундириш ҳам белгиланди.
Агар жиноят иши материалларига назар ташланса, уюшган гуруҳнинг барча аъзолари муқаддам бир неча маротаба судланган шахслар. Аксарияти айнан фирибгарлиги учун қонуний жазога тортилиб, кўзи очилмаган кимсалар.
Албатта, ҳар галгидек бу сафар ҳам улар қилмишларидан пушаймон бўлиб, суддан енгиллик беришни сўрашди. Бироқ энди қилмишларидан ўзларига тўғри хулоса чиқариб, тузалиш йўлига ўтишадими-йўқми, буни вақт кўрсатади.
Улуғбек ШЕРАЛИЕВ,
жиноят ишлари бўйича Андижон
шаҳар судининг раиси