Финляндия Украинага 28,5 миллион евро беради
Финляндия Украинанинг уруш оқибатида зарар кўрган энергетика инфратузилмасини қайта тиклаш мақсадида тараққиёт ҳамкорлиги жамғармасидан қарийб 28,5 миллион евро ажратмоқда. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги ижтимоий тармоқдаги расмий саҳифасида маълум қилди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 46,5 миллион еврони ташкил этиб, қолган қисми Украина томонидан мустақил равишда молиялаштирилади.
Мамлакатни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида “Урнафта” компанияси зарур электр станцияларини харид қилмоқда. Таъкидланишича, Россиянинг инфратузилмага берган зарбалари аҳоли кундалик турмушига салбий таъсир кўрсатаётган бир пайт, айниқса қиш мавсумида ишончли энергия манбаига эга бўлиш жуда муҳим.
Ушбу станцияларни етказиб берувчи пудратчи сифатида “Wärtsilä Finland Oy” компанияси танланган. Электр ускуналари Вааса шаҳрида ишлаб чиқарилади. Ташаббус Финляндияда янги иш ўринлари яратиш, маҳаллий мутахассислар тажрибасини ошириш ва мамлакат экспорт салоҳиятини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА