Финландиянинг НАТОга кириш режаси йўқ
РИА Новостининг ёзишича, Финландия ташқи ишлар вазири Пекка Хаависто мамлакат ўз сиёсати доирасида НАТОга аъзо бўлишни режалаштираётгани йўқ, деб баёнот берган.
«Финландия НАТО билан ташкилотга аъзо бўлиш масаласини муҳокама қилётгани йўқ ва унинг келгусида ҳам бундай лойиҳаси йўқ. Финландиянинг хавфсизлик бўйича олиб бораётган сиёсати ўзгармайди», — деган Хаависто.
Хабарда таъкидланишича, Финландия ташқи ишлар вазири ушбу баёнотни Евроиттифоқ ташқи ишлар вазирлари билан Францияда бўлиб ўтган учрашувдан кейин журналистлар учун эълон қилган.
Пайшанба куни НАТО бош котиби Швеция ва Финландия альянснинг мудофаа стандартларига ҳар томонлама мос келади ва агар сиёсий қарор қилинса тезлик билан НАТО сафига қўшила олади, деб баёнот берганди. Бундан аввалроқ эса, АҚШ давлат котибининг ўринбосари Виктория Нуланд АҚШ Финландия ва Швеция билан ушбу мамлакатларни НАТО сафига қўшиб олиш масаласини муҳокама қилишга тайёр, деб баёнот берганди.