Филармония фаолиятида ислоҳотлар бошланмоқда
Уларнинг ижроси қай тарзда амалга оширилмоқда? Ўзбекистон давлат филармониясининг вилоят ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари иштирокидаги ҳайъат мажлиси шу масалага бағишланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 28 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон давлат филармониясининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур соҳа вакиллари зиммасига тегишли вазифаларни қўймоқда.
Уларнинг ижроси қай тарзда амалга оширилмоқда? Ўзбекистон давлат филармониясининг вилоят ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари иштирокидаги ҳайъат мажлиси шу масалага бағишланди.
Ўзбекистон давлат филармониясининг ҳудудий бўлинмалари ранг-баранг концертлар, мусиқий дастурларни халқимизга тақдим этиб келади. Лекин ҳали қилинажак ишлар кўп. Филармонияда мингдан ортиқ ижодий ходимлар меҳнат қилаётган бўлса-да, амалга оширилган ишлар ижтимоий тармоқларда етарлича тарғиб қилинмаётир.
Жорий йилда ҳудудий бўлинмалар томонидан Тошкент шаҳридаги “Туркистон” саройида ҳисобот концертларини намойиш этиш режа бўйича амалга оширилмоқда. Бугунги кунга қадар Тошкент, Андижон, Сирдарё, Жиззах, Бухоро вилоятлари бўлинмалари томонидан мавсумий ҳисобот концерти юқори савияда ўтказилди. Жорий йилнинг 25 февраль куни Навоий вилояти бўлинмасининг ҳисобот концерти бўлиб ўтади.
Март ойида байрамларга тайёргарлик кўриш ва юқори савияда ташкил этиш юзасидан бир қанча тавсиялар билдирилди. Хонанда, созанда ва раққосалар ижро маҳоратини ошириш, аҳолига янги куй ва қўшиқлар тақдим этиш, вилоятларда фаолият кўрсатаётган ёш иқтидорли санъаткорларни танлаб, асосий байрам тадбирларига жалб этиш юзасидан керакли маслаҳатлар берилди.
Филармониянинг иш режалари ишлаб чиқилди. Шу йилдан бошлаб вилоятдаги ижодий жамоалар қўшни вилоятлар ва чекка ҳудудларда концерт дастурини намойиш этиш орқали ўзаро тажриба алмашиш, янги репертуарлар устида ижодий изланишлар олиб бориш каби масалаларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Президентимизнинг 2020 йил 4 февралдаги миллий рақс санъатини янада ривожлантиришга доир қарорлари атрофлича муҳокама қилинди. Унда белгиланган вазифалар, жумладан, миллий рақс санъатида профессионал бадиий жамоалар фаолиятини кенгайтириш, иқтидорли ёшларни излаб топиш ва уларни тарбиялаш, малака ва тажрибасини ошириш каби долзарб масалалар хусусида батафсил тўхталди. Вилоятларда рақс санъат турини ривожлантириш орқали ижодий мактабларга хос анъаналарни давом эттириш, моҳир балетмейстер ва балет артистларини етиштириб чиқариш юзасидан алоҳида топшириқлар берилди.